ICTWeek Uzbekistan 2017” ҳафталиги давомида кўп йиллик тажрибага эга “ай-тичилар, инновацион бизнес ташаббусчиларидан тортиб талаба стартаперлар, ўзини кейинги Возняк ёки Жобс деб тасаввур қиладиган ғайратли ёшларни кўриш мумкин эди.

Интернет орқали одамларга улашаётган контенти, лойиҳалари ва эришаётган ютуқларини кузатганимиз, ICTWeek ҳафталигида INTV интернет телеканали тақдимоти билан қатнашган, асосан Тошкент ахборот технологиялари университети талабаларидан таркиб топган BeCreative жамоаси тадбирда олдига катта-катта мақсадлар қўйган қатнашчилардан бўлди.

BeCreative асосчиси, зўр етакчилик қобилиятига эга йигит Улуғбек Исматов билан бугун ICTWeek, жамоанинг ундаги иштироки, Ўзбекистонда рақамли медианинг ривожланиши ва ёшларнинг бу йўналишдаги мақсад-интилишлари ҳақида суҳбатлашдик:

ICTWeek сиз ва сиз каби талабалар учун қулай ва кўнгилга яқин тадбир, шундай эмасми? 

– Ҳа, мен 2011 йилдан буён бундай ҳафталикда иштирок этаман ва ҳар йили уни ўзим учун муҳим воқеа сифатида орзиқиб кутаман. Келажагини ай-ти билан тасаввур қиладиган мен каби талабалар учун ростдан ҳам ICTWeek йилнинг энг қизиқарли ҳафтаси. Унинг ўзига хос муҳити бор. У соҳадаги  мутахассислар билан суҳбатлашиш, фикр алмашиш, мақсадлари, интилишлари муштарак инсонлар билан дўстлашиш, ҳамкорлар орттириш имконияти билан биз учун қадрли. ICTWeek — 2016да биз биринчи марта ўзимизнинг INTV лойиҳамиз билан иштирок этган эдик. Ўтган йилги ҳафталикда ҳам кўп маълумотлар олдик, ўз соҳамиз ва бу йўналишдаги  янгиликлардан хабардор бўлдик.

Бу йилчи?

– Бу йил биз ҳафталикнинг ахборот ҳамкори сифатида ҳам иштирок этиб, ўз лойиҳаларимизни тақдим этишдан ташқари унинг интернетда ёритилишига ҳисса ҳам қўшдик. Тадбирнинг ташкил қилинишида қатнашиш унинг “ошхонасини” кўриш имконини берди. Умуман олганда “ICTWeek Uzbekistan 2017” анча рангоранг бўлгани, тадбирлар дастури қатнашчиларга қулай тузилганини ҳам айтиш лозим.

Яна биласизми, ўтган йили биз озроқ ҳаяжонлангандик. Бу йилги кўргазмаларда эса хотиржам, профессионал ёндашишга ҳаракат қилдик. Жамоамизда ҳамманинг ўз вазифаси белгилаб берилганди ва тақдимотлар орқали биз ҳамкорлар топдик…

Кимлар билан ҳамкорлик ўрнатдингиз? Нечта буюртма олдингиз?

– Албатта, INTV доирасида амалга ошириладиган ўнга яқин лойиҳа ва сони ортиб бораётган ҳамкорларимиз ҳақида кўп гапиришим мумкин. Лекин аввалдан мақсадимиз хизматларимизни сотиш ёки қандайдир рақамлар учун курашиш бўлмаган эди. Асосан, биз катта қизиқиш билан одамларнинг  лойиҳаларимизга бўлган фикри ва муносабатини ўргандик. Уларга умуман Ўзбекистонда интернет телевидениеси, рақамли медианинг ривожланиши ҳақида сўзлаб бердик.

Яъни..?

– Ҳозирги кунда “Телевизор кўрмайман” дейиш урфда, эътибор берганмисиз? Қаранг, ҳаётимизнинг ўзи нақадар тезлашиб кетган ва интернетга қанчалик интеграллашиб улгурган. Содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар сонияларда интернетга чиқиб кетади. Жаҳон “ўргимчак тўри”дан фаол фойдаланадиган ёшлар, компьютерлари тармоққа уланган офис ишчилари телевизор кўриш одатларининг шакли ва кўринишини ўзгартирганлар. Яъни, ҳаммаси интернетда. Бу бизнес учун ҳам  манфаатли. Интернет телеканалларидаги контентни томоша қиладиган аудиторияга етиб бориш, видеомаҳсулотларнинг томоша қилингани ҳақидаги аниқ статистикани олиш, мақсадли аудиторияга кириш ҳозир ҳар қачонгидан осон.

Шу билан бирга, одамларнинг интернет телевидениеси ёки интернет телеканали ҳақидаги фикр ва тасаввурлари турлича. INTVни тақдим қиларканмиз, афсуски, кўп ҳолларда уни анъанавий телевидение эфирларини онлайн тарзда узатадиган платформа, деб тушунишди, Mediabay.uz ёки Allplay каби. Лекин биз жамоамиз билан яратишни истаган интернет телеканал мутлақо оригинал, интернет учун мос келадиган контент ишлаб чиқаришни мўлжаллаган. Ахир, интернетнинг ўз қоида ва стандартлари бор. Диванда бемалол ётиб олиб телевизор кўриш ҳамда ахборотга бўлган эҳтиёжни тез ва қисқа форматда қабул қилиш бошқа-бошқа нарсалар.

Тушунарли, ҳали талабалик пайтидаёқ рақамли медиа соҳасида ўзгача лойиҳалар, ўзгаришлар қилмоқчисиз. Ўқиш даврида бундай катта ишлар билан шуғулланиш қийин эмасми?

– Қийин! Лекин талабалик шуниси билан қизиқ менимча. Фақат дарсларга қатнаш билан ҳақиқий ҳаётга тайёрланиб бўлмайди. Талабалик ҳаётнинг demo-версияси бўлиши керак. Ҳаётнинг бу версиясида биз ҳар хил лойиҳалар қилиб, стартапларга қўл уриб, ривожланиш йўлларини белгилаб оламиз. Ҳамфикр тенгдошларимиз билан ўзимизни кашф қиламиз. Албатта, вақт билан боғлиқ муаммолар бўлади, улгуришга қийналамиз.

– Ҳафсалангиз пир бўлган вақтларни ҳам бошдан кечирганмисиз?

– Асло йўқ! Аксинча, руҳимиз доимо тетик. Тенгдошларимизни кузатиб, бир-биримиз билан рақобатлашамиз, бир-биримиздан илҳом оламиз. Бошлаган ишимизни ривожлантириш учун турли инсонлар билан суҳбатлашамиз. Хато қилсак ҳам, ҳали ҳаммаси олдиндалигини тушунамиз. Бекорчилик билан шуғулланмаётганимиз ҳам бизга далда беради, чамамда. Нима бўлганда ҳам, мунтазам олдинга ҳаракатланаяпмиз. Қийинчиликлар бизни чўчитолмайди.

Улуғбек, жамоангиз шу кунгача нималарга эришгани ҳақида гаплашсак…

– Энг катта ютуғимиз – бир оила бўла олганимиз. Бир-биримизни тушунамиз, феъл-атворимиз, имкониятларимизни биламиз, доим бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз. Яна бир ютуғимиз одамларга керакли эканимиздир. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникациялари вазирлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотларнинг мамлакатимиз бўйлаб амалга оширадиган лойиҳалари, ўтказадиган тадбирларини ёритишга жалб қилинмоқдамиз. Шунингдек, INTV лойиҳаси билан бир нечта стаптап танловларида иштирок этдик. Хусусан, Ўзбекистон савдо-саноат палатаси ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Стартап ташаббуслар” мусобақасида финал босқичига етиб келиб, жами 45 та номзод ичидан 2-ўринни эгалладик.

Университетимиз томонидан истиқболли лойиҳаларимизни амалга ошириш учун 455 миллион сўм грант тақдим қилинганини айтишимиз керак. Бу келажакда лойиҳаларимизни кенгроқ ривожлантириш имконини беради. Бу ютуқларимиздан қониқмаймиз, ҳали олдинда янада юқори натижаларга интиламиз.

Масалан..?

– Мақсадимиз — INTV’ни келажакда нафақат Ўзбекистонда, балки минтақамизда кўптилли гигант интернет телеканалга айлантириш.

Бунга қандай эришмоқчисиз ва ҳозирги бозор шароити қанақа?

– Анъанавий телевидение ҳар қанча уринмасин замонавийлашиши, тайёр қолиплардан чиқиши қийин кечаётган бир пайтда биз ижодкор, яратувчан ва иқтидорли ёшларни тўплаб турли лойиҳалар устида ишлаяпмиз. Тўғри, Ўзбекистонда илгари ҳам  Интернет телеканал яратишга уринишлар бўлган,  лекин биз ишни охиригача олиб боришга бел боғлаган жамоамиз. Бизнинг формат интернетбоп, эркин ва тез, осон қабул қилинади. Эндиликда Интернет тезлиги муаммолари камайиб, тармоқдаги визуал оммавий ахборот воситалари ривожланаяпти, биз унга янги йўналиш беришни ният қилдик.

— Қизиқарли суҳбат учун раҳмат. Ишларингизга омад ва ривож тилаймиз.