Видеоўйинлар дунёсига қадам

Илк ўзбек видеоўйини мисолида

123

Ҳозирда илм-фан ва технология тараққиёти шу қадар тезлашиб кетдики, унинг таъсири турмуш тарзимизда рўй бераётган ўзгаришларда яққол намоён бўлади. Илгари газета, радио ёхуд телевизор орқали берилган ахборот бугун бизга етар­ли бўлмай қолди. Компьютер, интернет, смартфонларнинг ҳаётимизга кириб ке­лиши дунёқараш ва фикрлашимизни ҳам тубдан ўзгартириб юборди. Аввал мав­жуд бўлмаган янги соҳа мутахассислари: ITчилар, хакерлар, дастурчилар каби ўз ишининг усталари пайдо бўлди. Етакчи давлатлар ҳам айнан ахборот-техноло­гиялари асрида янгидан янги ихтиролар, компьютер ва мобил дастурлар яратиш орқали виртуал оламда ўз ўрнини топиб улгуришган.

Бизнинг ёшларимиз орасида ҳам технологиялар “тили”ни тушунади­ган билимдонлар сони тобора ортиб боряпти. Эҳтимол, улар яратаётган, IOS, андроид каби тизимларда ишлов­чи (луғатлар, мини-ўйинлар ва ҳ.к.) дастурлар ҳақида эшитган, улардан фойдаланиб кўргандирсиз?

– Энди навбат нисбатан мураккаб дастурлар яратишга келди, – дейди Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети талабаси Элбек Сатторов. – Ёшлигимда кўпчилик қатори компьютер ўйинларини ўйнаб кўрганман. Ўшанда миллий қаҳра­монларимиз тимсоли акс этган ўзбек тилидаги ўйинлар ҳам бўлишини орзу қилардим. Ана шу орзуим мени ТАТУга етаклаб келди. Бу ерда компьютер билан боғлиқ билимларимни янада мустаҳкам­лаб, билмаганларимни ўрганиш имконига эга бўлдим. Бу менга мақсадимни амалга оширишимда катта ёрдам берди.

Элбек Сатторов, Жамшид Эшназаров ва Адиз Амоновдан иборат ТАТУ талабалари жамоаси ўзлари яратган видеоўйин ҳақи­да биз билан ўртоқлашишди.

– Биз ҳозирда Ўзбекистон тарихи, мил­лий қадриятларимизга асосланган компь-ютер ўйинлари яратиш устида иш олиб бормоқдамиз. Улардан бирини “Буюк йўл” деб атаганмиз. Айни пайтда мазкур ўйин­нинг демо талқинини якунлаш арафасида турибмиз.

Ўйин қайси тизимда ишлайди, қурил­мага қўйиладиган талаблар қандай?

– Бу ўйин дастури Windows 7 ва ундан юқори бўлган тизимларда ишлайди. Уни ўрнатиш учун қурилмадан 1 ГБ видеохо­тира, 2 ГБ оператив хотира талаб қили­нади. Қаттиқ дискда бор йўғи 1 ГБ жойни егаллайди. Дастлаб унга 3 та: ўзбек, рус ва инглиз тилларини киритишни режа қил­ганмиз. Кейинчалик талабдан келиб чиқиб бошқа тилларни ҳам қўшиш ниятидамиз.

Ўйинни яратишда кайси дастурлар­дан фойдаланяпсизлар?

– Умуман олганда, видеоўйинлар яра­тиш учун ишлатиладиган кўплаб дастур­лар бор. Битта ўйинни яратиш учун бир неча дастурий таъминот керак бўлади. Масалан, моделлаштириш учун “3D Studio Max”, ўйин дастурини яратиш учун “Unreal Engine”, бундан ташқари саҳналаштириш, ҳар-хил эффектлар қўшиш ва шу каби бошқа амалларни бажариш учун алоҳида дастурлардан фойдаланамиз. Биз яратган ўйин “эпик” жанрда бўлиб, “Unreal Engine” дастури ҳозирда бутун дунёда мазкур жанр учун энг мақбули сифатида эътироф этилади. Дастлабки даврда ундан бепул фойдаланиш мумкин. Молиявий етишмов­чиликларимиз бўлгани ҳолда, бу бизга анча асқотади.

Жамшид, сиз ўйин ҳақида нималар дея оласиз? Жамоадаги вазифангиз нима­лардан иборат?

– Мен ҳам Элбекка ўхшаб ёшлигимдан видеоўйинларга қизиқардим. Тарихий қахрамонларимиз сиймоси гавдаланган ўйнлар бўлишини, ўлар орқали юрти­мизнинг бой тарихи, маданияти бўтун дунёга таралишини хоҳлардим. Айниқса, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Бобур каби жаҳонгирлар олиб борган жангу-жадаллар, бунёдкор­лик лавҳаларинин ўзида акс эттирган, ёшларимиз учун тарбиявий аҳамиятга эга бўлган видеоўйинлар яратиш истаги менга тинчлик бермасди. Ўқишга киргач, Элбек билан танишдим. Иккимиз ҳам бир мақ­садни кўзлаганимиз учун фикримиз бир жойдан чиқди. Бир неча йил мобайнида маслаҳатлашиб, режалар тузиб бордик. Бизга нималар керак бўлиши, нималар қилишимиз ҳақида ўйлардик. Бир-бири­миздан билмаганларимизни ўргандик.

Бошланишига имкониятимиздан келиб чиққан ҳолда тарихий бир ўйин яратишга киришдик. Ўйин сюжети тўқима бўлиб, унга кўра, бош қахрамон одамларни сеҳрлаб, уларнинг руҳидан ёвуз мақсадда фойда­ланаётган сеҳргарга қарши кураш олиб боради. Уни енгиш учун бир неча ўнлаб босқичлардан ўтиш керак бўлади.

Жамоадаги вазифамга келадиган бўлсак, асосан саҳналаштириш ва модел­лаштириш ишлари билан шуғулланаман. Бу жуда нозик жараён бўлиб, анчагина сабр-тоқат ва меҳнатни талаб қилади. Анимацияларни яратиш, қахрамонларнинг ҳар бир ҳаракатини алоҳида ёзиб чиқиш ниҳоятда мураккаб. Биргина қўл ҳара­катининг дастлабки ва сўнгги ҳолатини тайёрлаш учун соатлаб компьютер қарши­сида ўтиришга тўғри келади. Жамоадошим айтганидек, моделлаштириш учун “3D Studio Max” дастуридан фойдаланаман. Аммо техник етишмовчиликлар туфайли қўшимча дастурий таъминотлардан ҳам фойдаланишга тўғри келади. Бу эса, янада кўпроқ вақтни талаб қилади

Биргина ўйинни яратишга шунча дастур керак бўлар экан, уларни ишла­тиш-чи? Бу қийин эмасми?

– Албатта, ўзига яраша қийинчиликла­ри бор. Масалан, ишлатилаётган дастур­ларнинг аксариятидан бизда ҳеч ким фой­даланмайди. Натажада уларни мустақил ўрганишимизга тўғри келади. Интернет орқали видеоқўлланмалар, онлайн дарс-лар кўмагида ҳафталаб, баъзида ойлаб вақт сарфлаб ўрганамиз. Бироқ буларни етарли деб бўлмайди. Сабаби, дастур яратувчи компанияларнинг кўпчилиги ўз сирларини ошкор қилишни исташмайди. Шунинг учун, малакали IT кадрлар тайёр­лашда хориждаги тегишли олий ўқув юрт­лари билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилса, мақсадга мувофик бўларди деб ўйлайман.

Элбек, айтиб ўтилган техник му­аммоларга қарамасдан бир амаллаб бўлса-да ишнинг уддасидан чиқмоқдасиз. Сизлар учун зарур бўлган техника нима­лардан иборат?

– Ҳақиқатдан ҳам жамоадошим айтга­нидек, тез-тез қийинчиликларга учраб ту­рамиз. Ана шундай ҳолатларда устозимиз Миркомил Миробидов ўз маслаҳатлари билан бизга тўғри йўналиш бериб боради. Бироқ ўйин яратишда шундай амаллар борки, уларни бажариш учун керакли тех­ника бизда йўқ. Масалан, “Motion Capture” деб аталувчи махсус тизим жамланмаси мавжуд. Ўйиндаги ҳар бир қаҳрамоннинг юз ифодаси, ҳаракатлари ва бошқалар­ни тайёрлаш учун актёрларга махсус ўлчагичлар ўрнатилган либосни кийиб ҳаракатланишнинг ўзи етарли. Павильон бўйлаб ўрнатилган камералар уларнинг ҳаракатини ўқиб олади ва компьютер дастурига узатади. Карабсизки, анимация тайёр. Аммо бу каби курилмалар ниҳоятда қиммат. Бизда бундай имконият йўқлиги сабаб, анимацияларни тайёрлаш жараёни янада “майдалашиб”, талайгина вақтимиз­ни олади. Ҳозирда бир неча ташкилотар ҳомийлик қилиш истагида. Улар билан ке­лишувга эриша олсак, ўйлайманки, ишимиз янада осонлашади.

Адиз, сиз ҳам ўйин ҳақида гапириб берсангиз. Тарихий мавзудаги ўйинни яратишда нималарга эътибор қара­тяпсизлар?

– Сўнгги вақтларда Жамшидга юкла­тилган вазифа янада оғирлашиб кетган­ди. Элбек эса, ўйиннинг дастурий қисми билан шуғулланади. Шу сабаб, мени ҳам ўз сафларига таклиф қилишди. Менда ҳам бунга қизиқиш борлиги учун узоқ ўйлаб ўтирмай рози бўлдим. Ҳозирда Жамшид билан биргаликда эффект бериш, матери­аллаштириш, моделлаштириш ишларини олиб боряпмиз. Айтганингиздек, мавзунинг тарихийлиги бизга юклатилган масъулият­ни янада оширади. Тарихий обидалар, уй­лар, кўчалар, кўприк ва бинолардан тортиб от-араваларгача мукаммал тасвирлаш учун кўп китобларни варақлаб чиқдик. Уларнинг расмларини кайта-қайта кўздан кечирдик. Аммо қилинган меҳнатлар самарасини қўрганимиз сари, чарчоқлар унутилиб, иштиёқимиз ошиб боряпти. Демо версияни имкон қадар тезроқ якунлаш истагидамиз.

Кўпчилик ота-оналар компьютер ўйинларининг фарзандлари тарбиясига, дарсларни ўзлаштиришига салбий таъ­сир қилишидан норози бўлишади. Бундай вазиятда сизлар яратган ўйиннинг ўз истеъмолчиларини топа олишига қан­чалик умид боғлаяпсиз?

– Тўғри, фарзанди тарбиясига бефарқ бўлмаган ҳар қандай ота-она бўнга қарши чиқиши табиий ҳол. Бунинг сабаби, ҳо­зирги компьютер ўйинлариниг аксарияти жанговар, қонли саҳналар билан тўлиб кетган. Ғоявий жиҳатдан менталитетимиз­га зид бўлганлари ҳам бор. Аммо биз бу мақсаддан йироқмиз. Техника тараққиёти даврида қанчалик уринманг, ёшларни бу жараёндан бутунлай айириб олишнинг имкони йўқ. Ота-оналар қўйган чеклов­ларга қарамай болалар барибир, имкон бўлди дегунча компьютер ёки смартфонга ёпишишади.

Модомики шундай экан, уларга миллий қадриятларимиз акс этган, инсонпарвар­лик ғоялари сингдирилган, уларни ватан­га муҳаббат руҳида тарбиялашга ҳисса қўшадиган видеоўйинларни таклиф қилиш керак деб ўйлаймиз. Бунда болаларнинг ёшини ҳам ҳисобга олганмиз, албатта. Масалан, биз яратган ўйинда қонли жанг саҳналари йўқ. Бундай саҳналарни неча ёшдан бошлаб кўриш мумкинлиги, унинг болалар руҳиятига қандай таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида мутахассис-психологлар билан доимий равишда маслаҳатла­шиб борамиз. Бундан ташқари, миллий ўйинлар яратиш орқали бой тарихимизни бутун дунёга намойиш қилиш имконига эга бўламиз.

Ижтимоий тармоқларда одамлар фикрини билиш учун ўйиндан айрим лавҳаларни тақдим қилгандик. Уларнинг аксарияти бунга ижобий муносабат билди­ришмоқдалар. Ҳатто, фойдаланувчилардан бири “Энди Қўқон араваси борлигини бутун дунё билади”, дея ўз қувончини яши­риб ўтирмади. Бундай илиқ муносабатлар ўзимизга бўлган ишончни янада орттирди.

Ўйлайманки, тез орада меҳнатингиз ўз самарасини беради. Бошлаган ишингиз ва ўқишларингизда омад тилайман.