Инха университети бизнес билан ҳамкорликни кенгайтиради

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети маҳаллий ва хорижий IT-компаниялар билан ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Инновациялар ва саноат кооперациялари марказини ташкил этди. Марказ директори Санжар Саидхўжаев ушбу марказ ва унинг мақсадлари тўғрисида батафсил маълумот берди.

115

Ахборот технологиялари соҳаси иқтисодиётнинг энг тез ривожланаётган тармоқларидан биридир. Бозорда доимий равишда янгидан-янги дастурлар ва технологиялар пайдо бўлмоқда. Мавжуд технологиялар ва ечимлар эса эскирмоқда. Булар бари, ўз навбатида, мутахассислар тайёрлашни ҳам, IT-бозорнинг ривожланиш тенденцияси ва динамикасини ҳисобга олган ҳолда, мунтазам янгилаб боришни тақозо қилмоқда.

Тармоқни ривожлантириш учун юқори малакали ва профессионал кадрлар керак. Бугун компаниялар мутахассисларга жуда ҳам талабчан. Иш берувчилар мутахассисдаги касбий билимдан ташқари, таҳлилий фикрлаш, танқидий мушоҳада ва муаммоларни ҳал қилиш ҳамда жамоада ишлаш кўникмалари, қолаверса, тадбиркорлик руҳига ҳам аҳамият бермоқдалар. Бундай кадрларни тайёрлаш учун назариядан дарс бериш етарли эмас. Талабалар ўз кўникмаларини реал IT-лойиҳалардаги иштироклари орқали мустаҳкамлаб борадилар.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) қошидаги Инновациялар ва саноат коопера-циялари маркази университетнинг илмий-тадқиқот ва инновация салоҳиятини кенгайтириш, илмий-тадқиқот ва инновациявий фаолият натижаларининг тижоратлашувини таъминлаш ва талабаларни дастурий таъминотларни яратишга жалб қилиш орқали профессионал билимлари ва кўникмаларини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда IT-саноат билан ҳамкорликни кенгайтириш учун ташкил этилди.

Марказ IUTда профессионал таълимни янги босқичга кўтариш учун шарт-шароитлар яратади ва талабаларни янгича фикр юритиш ва керакли профессионал кўникмаларни ривожлантиришга кўмак беради. Бунда илмий-тадқиқот ва амалий фаолият етук мутахассисларни жалб қилган ҳолда амалга оширилади. Марказ фаолиятига жалб этилган талабалар ўқиш баробарида, ишлаш имкониятини ҳам қўлга киритадилар. Пировардида улар етук мутахассис бўлиб етишишларига имконият яратилади.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети “Компьютер ва дастурий инжиниринг” ҳамда “Логистика” йўналишлари бўйича мутахассисларни тайёрлайди. Талабалар ахборот технологияларининг асоси бўлган маълумотлар базасини яратиш, ўзгартириш, қайта ишлаш, узатиш, сақлаш, таҳлил қилиш, бошқариш ва ундан фойдаланишни ўрганадилар. Улар асосий дастурлаш тилларини ҳамда компьютер ва дастурий тизимлар архитектурасини, тизим интеграциясини ҳам ўрганадилар. Шу билан бирга, университет симли ва симсиз алоқа, дастурий таъминотни ускуналарга интеграцияси каби йўналишларда ҳам назарий ва амалий ўрганиш учун курсларни таклиф қилади.

Университетнинг мазкур асосий йўналишларидан келиб чиқиб, Инновациялар ва саноат кооперациялари маркази (ИСКМ) дастурлар, мобил иловалар (Android, iOS ва Windows плат-формаларида), веб-сайтлар яратиш ва бошқа соҳаларда ўз хизматини таклиф этади. Марказ илмий тадқиқотлар натижалари ва инновациявий ишланмаларни корпоратив ва истеъмол бозорларига жорий этишни режалаштирган.

Марказ фаолият йўналишларидан яна бири – бу талабалар стартапларини қўллаб-қувватлашдир. ИСКМ талабаларга стартапларни яратиш ва бошқариш бўйича маслаҳатлар беради ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда, стартапларни таҳлил этади. Бундан ташқари, стартапчилар молиявий, юридик ва техник кўмак ҳамда бевосита амалиётчи IT-экспертлардан маслаҳат ва таклифлар оладилар.

Стартап-лойиҳанинг келажаги кўп жиҳатдан молиявий-ҳуқуқий билимга боғлиқ. Муваффақиятга эришиш учун стартап муаллифлари тадбиркорлик, бизнес-режа, маркетинг, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш ва бошқа йўналишлар бўйича ҳам билим ва кўникмаларга эга бўлишлари кўзда тутилди. Шу боис марказ соҳанинг етук мутахассисларини жалб этган ҳолда, талабаларнинг замонавий бозор талабларига жавоб берувчи тадбиркор-лик ва профессионал кўникмаларини ривожлантириш учун турли тадбирларни ўтказишни режалаштирган.

Марказ билим бериш билан чегараланиб қолмайди – стартап-лойиҳаларга сармоя жалб этишда ва талабаларнинг IT-лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этишда ҳам у яқиндан кўмак беради. Бу борада маҳаллий ва хорижий компаниялар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган. Шу ўринда айтиш ўринлики, Инновациялар ва саноат кооперациялари мар-кази маҳаллий ва хорижий компаниялар билан ҳамкорлик учун очиқ. Ҳар бир ҳамкор билан индивидуал тарзда ишлаб чиқилган, икки томонлама манфаатли шартларда ишлашга тайёр.

Зеро бундай ҳамкорликдаги дастурларни амалга оширишдан кўзланган мақсад битта. У ҳам бўлса, талабалар кўникмаларини ўстириш ва уларнинг реал шароитларда ишлашга лаёқатларини мустаҳкамлашдир. Ўз навбатида, ҳамкор-компаниялар ўзларига керак бўлган ва мижозларга хизмат кўрсатиш учун тайёр дастурни оладилар. Бу ҳамкорликдан барча: университет, талабалар ва корхоналар бирдек фойда кўрадилар. Қолаверса, бундай ҳамкорлик аутсорсинг соҳасининг ривожла-нишига ҳам туртки бўлади. Мазкур лойиҳалар орқали компаниялар ўзлари учун мутахассис етиштиришлари мумкин – талабалар ўқишни битиргач, бу компанияларда ишлашга тайёр бўладилар. Корхона раҳбарияти эса мутахассис ва унинг имкониятлари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлади.

Инновациялар ва саноат кооперациялари маркази очилганига кўп вақт бўлмаган эса-да, бир қанча ҳамкорлик таклифлари келиб тушди ва уларнинг кўпчилиги муваффақиятли амалга оширилди. Ушбу муваффақиятли лойиҳалар бошқа компанияларнинг ҳам ҳамкорликка қизиқишини оширади ҳамда таълим маркази ва реал иқтисодиёт сектори билан самарали ҳамкорлик мисоллари кўпайиши шубҳасиз.

 

Беҳзод Ҳожиматов, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети
жамоатчилик билан ишлаш бўлими бошлиғи

Шарҳ қолдиринг

Шарҳни киритинг.
Исмингизни киритинг