“Дори-дармон” АК: идентификация маълумотлари энди харид чекида

39

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 14 февралида  мамлакатимиз Президенти томонидан “Дори воситалари ва тиббиёт буюмларини сотиш, фармацевтика фаолиятини лицензиялаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарор имзоланган эди. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатда  фармацевтика  саноатини янада ривожлантириш билан боғлиқ қатор устувор масалалар белгилаб берилди. Ана шу талаб ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда бугун энг замонавий коммуникация технологияларини фармацевтика йўналишига янада кенг жорий қилиш мақсадида “Дори-дармон” акциядорлик компанияси тизимида қандай лойиҳалар амалга оширилаётганлиги ҳақида ушбу компания бошқарув раиси ўринбосари Саидвали Насретдинович билан суҳбатлашдик.

– Аввало шуни таъкидлаш лозимки, – дейди Саидвали Насретдинович, – компания таркибидаги барча дорихоналар тўлиқ компьютерлаштирилди ва улар фаолияти “М-Аптека плюс” ERP тизими орқали автоматлаштирилди. Дорихоналар ва компания ўртасидаги маълумот алмашувини ташкил қилиш мақсадида ягона ҳимояланган корпоратив тармоқнинг ташкил этилгани ҳам истеъмолчиларга қўшимча қулайликлар яратиб бермоқда. Бундан ташқари, “Дори-Дармон” АК томонидан жорий қилинган автоматлаштирилган ахборот тизими ёрдамида Компания ва “Ўзбекистон Дори-Таъминоти” масъулияти чекланган жамияти таркибидаги барча дорихоналарга товар чеки берувчи қурилмалар ўрнатилиб, ишга туширилди.

ERP тизими орқали  Компания таркибидаги мавжуд 172 та дорихоналарда харидорларга идентификация маълумотлари – яъни, дори воситалари ёки тиббиёт буюмларининг номи, дозаси, қадоқлаш миқдори, уларни берувчи шахсга оид маъумот, ҳарид санаси ва нархи кўрсатилган товар чекларининг тақдим этилиши йўлга қўйилди. Бундай чеклар, аввало, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгандир. Улар орқали дори воситаларининг белгиланган нархдан ошиши, сифатсиз воситаларнинг сотилиши каби салбий ҳолатларнинг олди олинади.

Айни кунларда мазкур тизимнинг ишончли ва қулайлилигини ҳисобга олган ҳолда, Компания таркибидаги ҳудудий акциядорлик ва масъулияти чекланган жамиятларига қарашли дорихоналарда ҳам ана шундай чекларни берувчи қурилмаларни ўрнатиш ишлари олиб борилаётир.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 1 августдаги   “Иқтисодиётнинг реал секторида 2016-2018 йилларда замонавий ахборот коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш” тўғрисидаги Қарорига мувофиқ “Дори-Дармон” акциядорлик компаниясига учта лойиҳани амалга ошириш вазифаси юклатилган. Ҳозирги кунга қадар барча лойиҳаларни амалга ошириш бўйича тармоқ режалари ва техник топшириқлари ишлаб чиқилиб тасдиқланган. Ушбу лойиҳалар доирасида, жорий йилнинг бошида Компанияда ёқилғи-мойлаш материаллари сарфини назорат қилиш ва автотранспортларни спутник орқали мониторинг қилиш бўйича ахборот тизими жорий қилинди.

Бу тизимни жорий этиш орқали транспорт бўлимига тегишли 45 та автотранспорт воситаларига йўл варақалари ёзиш, уларни техник кўрикдан ўтказилиши, ёқилғи сарфи ва бошқа турдаги ҳисоботларини юритиш тўлиқ автоматлаштирилди. Автотранспорт воситалари ҳаракат йўналишини кузатиш мақсадида GPS тизими ўрнатилди ҳамда уларни спутник тизими орқали мониторинг қилиб бориш йўлга қўйилди.

Шарҳ қолдиринг

Шарҳни киритинг.
Исмингизни киритинг