“Ақлли” шаҳарлар, смарт бино ва хонадонлар, “буюмлар интернети”, уларнинг автоматик равишда турли дастурлаштирилган амалларни бажариши ва интернетга уланиб, ўзаро ахборот алмашиши ҳақида гапирамиз-ку, лекин буларнинг барчаси бизга узоқ келажакдек туюлади. Сабаби шундаки, тарихан, ихтиролар концепцияси яратилиб, синовдан ўтказилиб ҳаётга тадбиқ этилгунича талаб қилинадиган жараён анча вақт, қолаверса ҳатто авлодлар алмашинувини ҳам талаб этган.

Бугун замонамиз ўз шиддати билан инсониятни ҳайратлантирмоқда. Телефон фойдаланувчилари сони 75 йилда, радио эшитувчилари сони 38 йилда 50 миллионтага етган бўлса, iPod соҳиблари сони уч йил ичида шунчага етди. Балки журналхонларимиз ушбу мақолани ўқиб тугатгунларига қадар, “смарт шаҳар” лойиҳаларидан бири катта қадам билан одамлар турмушига яқинлашар.

Амстердам, Сингапур, Стокгольм шаҳарларида аллақачон ўз аҳолисининг оғирини енгил қилаётган лойиҳалар йўлга қўйилган. Шуларнинг баъзилари, аниқроғи, шаҳарда транспорт воситалари ҳаракатланиши муаммоларига ечим сифатида таклиф этилаётган ташаббуслар билан танишамиз.

Mobypark хизмати

Бир қатор Европа мамлакатлари, хусусан, Голландия, Франция, Белгия, Испания ва Италияда шаҳарликларга нафи тегаётган автотураргоҳ излаш ва банд қилиш мобил иловаси ишга тушган.

Эрталаб ишга равона бўлганингизда машинангиз турган жой бўшагани ҳақида иловада маълумот пайдо бўлади. У жойни “Mobypark” платформасидаги интерфаол харита орқали излаётган бирор фойдаланувчи маълум тўлов эвазига банд қилиши мумкин бўлади. Ўз навбатида сиз ишхонангиз ёки бораётган жойингизга яқин манзилдаги турар жойни банд қилиб, ҳақини тўлаб, машинангизни қўйишингиз мумкин.

Лойиҳани ишлаб чиққанларнинг айтишича, бугунги кунда амстердамлик ва парижлик ҳайдовчилар ушбу тизимнинг энг фаол фойдаланувчилари қаторидан жой олишган. Франция пойтахтида 1260 та, Амстердамда 980 та тўхтаб туриш жойлари иловага киритилган.

“Фаросатли” светофорлар

“Smarter Cambridge Transport” номли лойиҳа тадқиқотчилари берган маълумотга кўра, Швейцариянинг Цюрих, Германиянинг Брауншвейг ва Постдам шаҳарларида бутун шаҳар бўйлаб йўл ҳаракати иштирокчилари оқими смарт-бошқарув тизимига эга. Машиналар оқими ва пиёда ёки велосипедчиларнинг келишини аниқловчи дастурлар чорраҳаларда светофорлар ранглари энг оптимал равишда алмашинишини таъминлайди. Шунингдек, шошилинч ёрдам транспортлари манзилга отланганида махсус тизим унинг йўлида доим яшил чироқ ёнишини кафолатлайди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ўзаро боғланган, интернет ва замонавий технологияларидан унумли фойдаланадиган шаҳарлар барпо бўлиши нафақат Европада, балки Жанубий Америка ва Осиёнинг айрим мамлакатларида ҳам ўзининг намуналарини кўрсатмоқда. Бунда кўплаб шаҳарлар смарт лойиҳаларини ягона тизимга бирлаштиришга уринади.