Туризмда инновациялар: соҳа тараққиёти ва кадрлар масаласи

206

Саёҳатга чиқиш фикри пайдо бўлишининг ўзи қидирув тизимларида бориладиган жой ҳақида ахборот излаш билан боғлиқ. Бирор мамлакатга ташриф буюришни режалаштириш интернет орқали брон қилиш, электрон авиачипта харид қилиш ва онлайн хариталар афзалликларидан фойдаланиш каби “рақамлашган жараёнлар”ни ўз ичига олади. Шундай индивидуал истеъмол турлари ахборот технологиялари фаол жалб қилинган катта саноатни шакллантиради. У ҳам бўлса XXI аср одамлари сифатида бизга насиб қилган инновацион туризмдир. 

Соҳа қандай ривожланмоқда? Ундаги долзарб масалалар нималар? Ваниҳоят, шид дат билан ўзгараётган инновацион туризм учун Ўзбекистонда мутахассислар тайёрлаб бериш қандай ташкил қилинмоқда? Шу саволларга жавоб излаб, Тошкент давлат иқтисодиёт университети Халқаро туризм факультети “Туризм ва сервис” кафедраси доценти Сайёра Сафаева билан суҳбатлашдик.

Суҳбатимиз жаҳонда туризм соҳасига инновацияларнинг кириб келиши ва ривожланиши ҳақидаги мулоҳазалар билан бошланди.

Туризмда инновацияларнинг жадал ривожланиши 1972 йилда “United States Luggage” компанияси ходими Бернард Дэвид Садоу томонидан ғилдиракли жомадонлар ихтироси учун патент олиниши билан бошланган ва соҳанинг буткул электронлашуви ҳамда унда сунъий интеллект иштироки фаоллашуви билан давом этаяпти, деб ҳисоблайман. 40 йилча аввал оғир юклар сабаб ўртага чиққан инновация ва бугунги кашфиётлар моҳиятан бир негизга эга, яъни ҳар қандай инновация муаммо ва унинг ечимини излашга алоқадор бўлади. Бугуннинг энг катта муаммоси – инсонларнинг ниҳоятда қулай ҳаётга интилиши ва доимо бунга халақит берувчи омиллар келиб чиқаверишидир. Масалан, Ер сайёраси аҳолиси кўпайиши, турли соҳалардаги мураккаб ривожланишлар “Big Data” – “улкан ахборотлар” масаласини вужудга келтирди. Меҳмонхоналар, аэропортлар ёки туризм бизнесининг бошқа
субъектлари бир неча юзлаб, балки минглаб мижозларнинг ахборотларини таҳлил
қилиши, уларга самарали хизмат кўрсатиши керак. Ундан ташқари, бу бизнеслар ўз
ходимлари ва ҳамкорлари билан боғлиқ ахборотлар оқимини бошқариши ҳам
керак. Шу туфайли, соҳанинг кўп тармоқларида автоматлаштириш жараёнлари кечмоқда. Инсонлар амалга ошириши қийин бўлган ишларни компьютерлар, роботика ва сунъий онг бажариши бизнинг давримизга келиб одатий ҳолга айланмоқда. Бунга меҳмонхоналарни автоматлашган тарзда бошқариш имкониятини берувчи Opera, Amadeos, Fidelio, Epitome PMS ва бошқа шу каби дастурларнинг ривожлангани мисол бўлади.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, туризм бизнеси субъектлари ўз маҳсулотини мижозларга самарали етказмоқчи бўлса, албатта замонавий  коммуникация усулларидан фойдаланиши керак. Бизнесларнинг ўз интернет сайтлари, ижтимоий медиада ёки саёҳат қилувчилар орасида машҳур йирик онлайн платформалар, хусусан Booking.com, TripAdvisor, Expedia, Cheapair каби сайтларда ўз саҳифалари бўлиши ва улар стратегик юритилиши маркетингга инновацион ёндашишнинг яққол мисоли бўлади. Ахир, фойдаланувчиларнинг интернет кенгликларида қолдирадиган фикрлари, ўзларига кўрсатилган хизматга берадиган баҳолари асосида шаклланадиган рейтинглар сифатли маҳсулот таклиф этувчи компаниялар учун ҳаққоний реклама, жамоатчилик билан алоқа ўрнатиш (PR) механизми бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистонда туризмнинг модернизациялашуви ва мамлакатга келадиган сайёҳлар оқимини кўпайтириш ҳақидаги фикрлар ва таклифлар биз тўхталган кейинги мавзу бўлди.

Ўзбекистонда туризм жаҳон бозори талаблари билан ривожланиб бораяпти, албатта. Бугун юртимизга ташриф буюрмоқчи бўлган сайёҳ интернет орқали ўз саёҳатини режалаштириши, меҳмонхона ва авиакомпаниялар онлайн хизматларидан фойдаланиши мумкин. Мамлакат ҳудудида смартфонлардаги махсус мобиль
иловалар орқали такси чақиртириш, овқат буюртма қилиш, ресторанда жой банд
қилиш ёки бораётган манзиллари ҳақида интернетдан маълумот олиш имконияти
бор. Ахборот технологиялари шу тариқа саёҳат индустриясида тараққий этишни
давом эттиради. Мисол тариқасида қуйидаги фактларни санаб ўтиш мумкин:

Ўрта Осиё ва Кавказорти мамлакатларидаги йирик ва жадал ривожланаётган онлайн агентлик ҳисобланган Oriental Express CA Ўзбекистон туристик хизматларини тарғиб қилишда фаоллик кўрсатаяпти, йилдан йилга OrexCA.com фойдаланувчилари диёримиз, ундаги ранг-баранг урф-одатлар, туристик манзилгоҳлар ҳақида шу манбадан маълумот олади. Қолаверса, Ўзбекистонда туроператорлар ва меҳмонхоналар ўртасида интернет воситасида ахборот алмашиш сервиси – Hotelios жорий қилинган. Мазкур тизим МДҲ давлатлари орасида муқобили йўқ бўлган инновацион лойиҳа ҳисобланади. Суғурта полисларини онлайн олиш имкониятларининг мамлакатимизда жорий қилингани ҳам шулар жумласидандир.

Бироқ, биз Ўзбекистонга кўпроқ сайёҳлар ташриф буюришига эришиш, бизда мавжуд маданий, тарихий обидалар ва ўзига хос табиатга эга манзилгоҳларни оммалаштириш бўйича кўп ишларни амалга оширишимиз керак. Менимча, халқимиз тинчлиги ва сарҳадларимиз хавфсизлиги чора-тадбирлари кўрилган ҳолда, юртимиз меҳмонлари, уларнинг шаҳару қишлоқларимизга келиши учун иложи борича қулайликлар яратилса, инновациялар ёрдамида уларнинг харажатларини тежаш масалалари ҳал қилинса, Ўзбекистондаги туристик хизматлар янада жозибадор бўлади ва кўпроқ даромад олиб келади.

Ўзбекистонда туризм тармоғини замонавийлашуви ҳақида гапирар эканмиз, миллий авиакомпаниямиз активида кўпаяётган дримлайнерлар ҳамда яқин келажакда ривожланиши умид қилинаётган чартер рейслар ҳақида тўхталиб ўтишимиз зарур. Яқинда Бухорода бўлиб ўтган “Ипак ва зираворлар” халқаро фестивали доирасидаги анжуманда Туркиянинг халқаро ҳамкорлик бўйича агентлиги – TIKA вакиллари ушбу мамлакатнинг турли шаҳарларидан Бухорога чартер рейслар ташкил қилинса, тасаввуф намояндалари шарафига бунёд бўлган зиёратгоҳларга келишни истаган турк сайёҳлари сони бир миллионгача етиши мумкинлигини таъкидлаган эди. Бундай лойиҳани амалга оширишда хавфсизлик чораларини кўриш муҳим, ўйлайманки, бунда замонавий ахборот технологияларини кенг қўллаш яхши натижа беради.

Саёҳатни қулайроқ ва камхаржроқ бўлиши учун индивидуал туризмга ҳам босқичма-босқич кенг йўл очиш зарур. Яъни юртимизга сайёҳлар жамоа бўлиб келишидан ташқари, чет элликларнинг ўзи мустақил равишда шаҳарларимизни сайр қилишини рағбатлантириш керак, деб ҳисоблайман. Хусусан, Airbnb, Couchsurfing, HomeAway каби интернет хизматлари орқали саёҳатни ташкил қилиш анча самарали ва ҳамёнбоп бўлиб қолган.

Бу йўналишдаги қадамлар аллақачон амалга оширила бошлагани қувонарли. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида, хусусан, бир
неча бандлар виза режими, аэропортларда рўйхатдан ўтиш жараёнларини соддалаштириш, туризмни янада либераллаштиришга оид кўрсатмаларни назарда тутади. Ундан ташқари, ҳам мазкур Фармон, ҳам онлайн муҳокамага қўйилган Ўзбекистон Республикасида ўрта муддатли истиқболда туризмни ривожлантириш Концепцияси лойиҳаси соҳага замонавий технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлайди.

Шиддат билан ўзгариб бораётган, кун сайин янгиланаётган туризм соҳасига мутахассислар тайёрлаш ҳақида педагог суҳбатдошимиз батафсил тўхталди.

Келинг, ўзим фаолият юритадиган халқаро туризм факультети мисолида гапирай. Соҳа янгиликларидан бохабар ва замонавий билим, кўникмаларга эга кадрлар тайёрлаш бўйича ҳар бир ўтиладиган фан доирасида ўша йўналишга оид инновациялар, хусусан, IT инновациялар ўқитилиши – тегишли мавзулар ўқув дастурларига киритилмоқда. “Туризмда ахборот технологиялар” фанлари жорий қилинганлиги ҳам бу бўйича қилинаётган яхши ишларга мисол. Қолаверса, университетимизда меҳмонхона ресепшни, лоббиси, ресторан ва бар ҳамда меҳмонхона номери намуналари кўринишидаги лаборотория хоналари ишга туширилган. Хоҳлардимки, ушбу лабороториялар келгусида ахборот технологиялари билан тўлиқ таъминлансин. Лабороториялардаги компьютерларга меҳмонхона хизматларини кўрсатиш, ресторан бизнесини юритиш ва бошқа туристик хўжалик фаолиятида фойдаланиладиган Opera, Fidelio, R-Keeper каби дастурлар ўрнатилиши зарур. Талабалар эса шу дастурлардан фойдаланишни амалий жиҳатдан ўрганиб, битириб ўз иш жойига борганда бундай тизимларни бемалол ишлата олиши лозим. Бунда юқорида номи келтирилган дастурларни ишлаб чиққан компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш айни муддао бўларди.

Соҳа янгиликларини доимий равишда тадқиқ қилиш учун дарсдан ташқари машғулотлар ёки факультатив курслар ташкил этилишини ўйлаб кўриш керак.
Амалиётчиларни таълим жараёнларига жалб этиш ҳам бугуннинг талаби, жорий
меҳнат бозорига рақобатбардош кадр тайёрлашнинг шартидир. Ўзим факультетда ишбилармонлар билан ҳамкорликда бинар маърузалар ўтказаман. Бирор мавзу – ҳам назарий, ҳам амалий томондан очиб берилиши аудиторияга ҳам қизиқ, ҳам фойдали. Лекин бундай маърузаларни ўтказишни мунтазамлигига эришишни таҳлил қилишимиз керак. Вақт бу – пул. Буни яхши англаган ишбилармонлар ёки сифатли иши учун катта даромад кўрадиган дастурчилар бир марта, ана боринг икки марта “раҳмат” учун ўз билими ва тажрибасини улашади. Бироқ, бундай лойиҳаларни молиялаштириш масаласи ҳал этилмаса, амалиётчиларни рағбатлантириш механизми ишлаб чиқилмаса,
кўзланган мақсадга эришиш қийинроқ бўлади.

Соҳа бўйича ўтказиладиган конференция, семинар ва бошқа тадбирларнинг
амалий аҳамиятини ошириш зарур, бундай тадбирлар илмий мақолаларни тўпламларда чоп эттириш имкониятини яратиш билан чекланиб қолмай, муҳокама этилган
масалаларга аниқ ечимларни ўз ичига олган резолюциялар манфаатдор ташкилот
ва идоралар, компанияларга етказилиши керак. Шунда изланувчилар томонидан
ишлаб чиқилган муҳим таклифлар саноатга тадбиқ этилади.

Шунингдек, хорижий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилаётган
режалар онлайн конференциялар, вебинарлар ва хориж мутахассислари билан масофавий маърузалар ташкил этиш каби ахборот технологиялари фаол мурожаат қилинган лойиҳаларни ўз ичига олишига умид билдираман.