Тошкент вилояти: эришилган натижалар сарҳисоби

37

Тошкент вилоятининг бугунги куни, хусусан, ушбу ҳудудда ахборот технологияларининг жорий этилиши кўрсаткичлари билан танишиш мақсадида тайёрланган ушбу мақолани, сиз, азиз журналхонларимиз вилоятнинг ушбу йўналишда республиканинг бошқа ҳудудларидан қолишмайдиган натижаларга эришаётганига амин бўлиш мумкин.

“ЭЛЕКТРОН ҲУКУМАТ”

“Электрон ҳукумат”ни ривожлантириш мақсадида “2017 йилда амалга оширилиши  режалаштирилган лойиҳаларнинг манзилли дастури” тасдиқланди. Ушбу манзилли дастур 47 банддан иборат бўлиб, 2017 йил якунига кўра барча бандлар ижроси таъминланди. АКТни ривожлантириш бўйича лойиҳаларнинг манзилли дастурининг амалга оширилишига 25 877,21 млн. сўм белгиланган бўлиб, лойиҳаларнинг амалга оширилишидан ўзлаштирилган маблағ 31 137,97 млн. сўмни ташкил этмоқда.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Абдуфарид Маткаримов, вилоятда АКТнинг жорий этилганлик ҳолати бўйича эришилган кўрсаткичлар ҳақида маълумот бериб ўтдилар.

– Ҳозирги вақтга келиб Тошкент вилоятида АКТнинг жорий этилганлик бўйича умумий баҳо 100  фоиздан 81,64 фоизни ташкил қилмоқда. Ҳокимликнинг расмий веб-сайти ва улар орқали тақдим этилаётган интерактив давлат хизматлари сифати бўйича эса мақсадли кўрсаткич 50 фоиз бўлиб, бизнинг вилоятда бу кўрсаткич 32,87 фоизни ташкил этди, – дейди Абдуфарид Абдурашидович. – Ахборот тизимлари, ахборот ресурслари ва электрон ҳужжат айланиши тизимларининг жорий этилиши бўйича мақсадли кўрсаткич 26 фоиз этиб белгиланган бўлиб, бу йўналиш бўйича 25,27 фоиз кўрсаткичга эришилди. Ахборот хавфсизлигини таъминлаш даражасига тўхталадиган бўлсак, ушбу йўналиш бўйича мақсадли кўрсаткич 20 фоиз этиб белгиланган бўлиб, бу кўрсаткич 19,5 фоизни ташкил этди.

ТЕЛЕКОММУНИКАЦИЯ

Тошкент вилоятида “Ўзбектелеком” АК Тошкент филиали томонидан 2017 йил мобайнида вилоятда 381 км узунликдаги оптик толали алоқа линияси қурилди. 2018 йил давомида вилоят ҳудудларида 200 км оптик толали алоқа линиялари ётқизилиши режалаштирилган. Вилоятда 2017 йилда кенг полосали тармоқлар сиғими 10 323 портга оширилиб, 64,1 минг портга етказилди. АDSL ва FTTx технологиясига асосланган юқори тезликдаги интернет хизматларидан фойдаланувчилар сони 39 600 тани ташкил этади.

“ЎзМобайл” GSM алоқа тармоғининг қамровини кенгайтириш лойиҳаси бўйича 2017 йил давомида туманлардаги жами 120 та объектда база станциялар ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, йил якунига кўра жами 116 та объектларда GSM база станция қурилмаларини монтаж қилиш ишлари якунланди. Шунингдек, Бўстонлиқ, Юқори Чирчиқ ва Қибрай туманларида мавжуд 4 та база станцияларини 2G ва 3G технологиясидан 4G технологиясига модернизация (upgrade) қилиш ишлари бажарилди.

“ЎзМобайл” CDMA-450 алоқа тармоғининг қамровини кенгайтириш бўйича 2017 йил давомида туманлардаги жами 42 та объектда база станциялар ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, йил якунига кўра жами 35 та объектларда CDMA-450 база станция қурилмаларини монтаж қилиш ишлари якунланди. Шунингдек, Зангиота, Юқори Чирчиқ, Оққўрғон, Чиноз, Охангарон, Қуйи Чирчиқ ва Қибрай туманларида мавжуд 7 та база станцияларини 1Х технологиясида ЕV-DO технологиясига модернизация (upgrade) қилиш ишлари бажарилди.

Шунингдек, 2017 йил давомида «Unitel» МЧЖ томонидан 85 та ва «Coscom» МЧЖ ХК томонидан 74 та объектда база станциялар қурилган.

Тошкент вилояти Ўзбекистон Республикасининг шимолий-шарқида жойлашган. Ер майдони 15,26 минг кв. кмни ташкил этиб, Ўзбекистон ҳудудининг 3,4 фоизини эгаллайди. Вилоятдаги аҳоли сони 2017 йилнинг 1 январь ҳолатига 2 млн 829,5 минг  кишини ташкил қилди.

Вилоят ва туман марказларигача маълумотлар узатиш тармоқлари ўтказувчанлигини ошириш мақсадида марказига қадар магистрал тармоқ ўтказувчанлигини 40 Гбит/с.гача, туман марказларига қадар 10 Гбит/с.гача оширилган.

Тошкент вилоятида 2 та меҳрибонлик уйи, 60 та мини-банк, 7 та лицей, 195 та қишлоқ врачлик пункти, 62 та поликлиника муассасаси, 869 та мактаб, 76 та касалхона, 120 та касб-ҳунар коллежи ва 244 та мактабгача таълим муассасалари телефонлаштирилган.

МОЛИЯВИЙ КЎРСАТКИЧЛАР

2017 йилда вилоят миқёсида телекоммуникация хизматлари бўйича кўрсатилган хизматлари  ҳажми 32815,7 млрд. сўмни ташкил этиб ўтган йилга нисбатан ўсиш сурати 124,5 фоиз,  белгиланган режа 108,3 фоизга бажарилди. Вилоят бўйича кўрсатилган АКТ хизматлари ҳажми 190,4 млрд. сўмни ташкил этди, ўтган даврга нисбатан ўсиш даражаси 127,6 фоиз. (2016 йил якунига 149,27млрд сўм).

Телекоммуникация инфратузилмаси бўйича:

Тошкент вилоятида умумий сиғими 172,5 минг рақамга тенг 165 та телефон станциялари 100 фоизга рақамлаштирилган бўлиб, улар орқали 108,2 минг фойдаланувчиларга замонавий алоқа хизматлари кўрсатиб келинмоқда.

Вилоят аҳолисига маҳаллий телекоммуникация тармоғи орқали интернет хизматларини кўрсатувчи кенг полосали қурилмаларнинг сиғими 64,1 минг портга етказилди, улар орқали 45,1 мингта абонентга хизмат кўрсатилмоқда (ўсиш ўтган йилга нисбатан 109,8 фоиз). IP-TV хизматидан фойдаланувчилар сони 3,3 мингтани ташкил қилмоқда. Жами интернет фойдаланувчилар сони мобиль алоқа абонентлари билан биргаликда 602,5 мингтани ташкил этди (ўтган даврда 541,5 минг, ўсиш 111,3 фоиз).

Қурилган оптик толали алоқа линиялари узунлиги 3 372 км.га (йил мобайнида қурилган оптик толали алоқа линиялари 381 км), тармоқ ўтказувчанлик даражаси вилоят марказигача 40 Гбит/сга, ҳар бир туман марказларигача 10 Гбит/сга етказилди.

Мобиль алоқа тармоқларида ўрнатилган база станцияларнинг умумий сони 2 505 тага (йил мобайнида қурилган база станциялари 255 та), фойдаланувчилар сони 803,4 мингтага (ўтган даврда 773,5 минг, ўсиш 103,9 фоиз) етказилди.

“Ўзбектелеком” АК Тошкент филиали томонидан 6 та дам олиш масканларида оптик толали алоқа линиялари асосида Wi-Fi ҳудудлари ташкил этилди.

Шунингдек, вилоятда “РРТМ” ДУКнинг Тошкент радиотелеузатиш маркази томонидан 26 та кам қувватли рақамли телевидение узаткичлари ўрнатилган бўлиб, вилоят аҳолисининг рақамли   телевидение билан қамрови 100 фоизга етказилди.

“ZIYONET” АХБОРОТ ТАЪЛИМ ТАРМОҒИ

Ҳозирги кунда Тошкент вилоятидаги барча таълим муассасалари “ZiyoNET” ахборот таълим тармоғига уланган. Вилоятда 870 та умумтаълим мактаби 122 та касб-ҳунар коллежлари “ZiyoNET” тарифига уланган.

Шунингдек, ҳозирги кунда вилоятдаги мактабгача таълим муассасаларини интернет тармоғига улаш ишлари олиб борилмоқда.

ЯГОНА ИНТЕРАКТИВ ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ ПОРТАЛИ

Вилоят ҳокимлигининг расмий interaktiv.toshvil.uz веб-сайти маълумотлар билан бойитилиб борилмоқда.

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароитлар яратиш, коммунал соҳа бўйича кўрсатилаётган Давлат хизматларини интерактив тарзда йўлга қўйиш мақсадида, ҳозирга келиб веб-сайтда 81 та интерактив хизматлар йўлга қўйилган бўлиб, улардан 11 таси базавий ва 70 таси қўшимча интерактив хизматлар яратилиб, шундан 62 та қўшимча интерактив хизматлар икки томонлама ишлаши йўлга қўйилган.

www.tоshvil.uz веб-порталида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари қабул қилиниши йўлга қўйилган. Бундан ташқари, Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан pm.gov.uz –Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонаси ҳамда my.gov.uz – Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳам мурожаатлар қабул қилинади. Мурожаатларни кўриб чиқиб, жавоб қайтариш бўйича вилоят ҳокимлиги ҳамда шаҳар ва туман ҳокимликларида масъул шахслар белгиланган бўлиб, белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши қатъий назоратга олинган.

Тошкент вилояти ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари ўртасида корпоратив тармоқ ва унда “КБАТ” электрон ҳужжат айланиши тизими жорий этилган. Ҳисобот даврида NIS.UZ тизимига киритилган маълумотга кўра, Тошкент вилоят ҳокимлигида электрон ҳужжат айланишининг умумий кириш ва чиқиш корреспонденцияларидаги улуши 97,8 фоизни ташкил этган. Вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларида ходимларнинг 631 нафари (вилоят ҳокимлигида 58 та, шаҳар ва туман ҳокимликларида 540 та) электрон рақамли имзо калитлари билан таъминланган.

Ўзбекистон Республикаси очиқ маълумотлар порталига Тошкент шаҳри ҳокимлиги томонидан 359 турдаги маълумотлар тўпламлари жойлаштирилиб, ушбу маълумотлар фойдаланувчилар  томонидан 122 871 марта кўчириб олинган. Давлат органларининг маълумот тўпламлари ва юклашлар бўйича рейтингида 120 та давлат органлари ичида 1 ўринни эгаллаган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 13 майдаги 120-сон қарорига мувофиқ, Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан кўрсатилаётган 21 турдаги давлат хизматлари Ягона реестрга киритилган ва эълон қилинган. Ушбу хизматларнинг 15 таси рухсат бериш ҳамда 6 таси лицензиялаш характеридаги хизматлардир.

– Ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, маҳаллий давлат  ҳокимияти органлари томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 15 турдаги рухсат бериш ва 6 та лицензиялаш туридаги хизматлар кўрсатилиши белгиланган. Бугунги кунда Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан ушбу хизматлар расмий веб-сайт ва Ягона интерактив давлат хизматлари порталига интеграция қилинган, – дейди Ахборот технологиялари ва   коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Абдуфарид Маткаримов.

КОМПЬЮТЕРЛАШТИРИШ МАРКАЗИ

Тошкент вилоятида “Электрон ҳукумат” тизими доирасида жорий этилган “Лицензия” ахборот  тизимлари комплексида ишлаш масаласига бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Ўзбекистон – Корея марказида (KOICA) Тошкент вилояти ҳокимлиги ва «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш департаменти билан биргаликда ташкил этилган семинарда «Лицензия» ахборот тизимига маълумотларни киритиб бориш ва янгилаш учун шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари, бошқарма ва ташкилотлардан масъул ходимлар таклиф этилиб, семинар-тренинг ўтказилди.

Ҳозирги кунда вилоят Компьютерлаштириш маркази маълумотига кўра, Тошкент вилояти ҳокимлиги ва бошқарма, ташкилотлари, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлар томонидан бириктирилган масъул шахсларга 6 та йўналиш бўйича “Лицензия” ахборот тизимига кириб маълумотларни жойлаштириш учун масъул мутахассис томонидан “пароль” ва “логин”лар тарқатилди.

– Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилаётгани иқтисодиёт ва ижтимоий тармоқлар ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди вилоят ҳокимлиги Компьютерлаштириш маркази давлат унитар корхонаси раҳбари Музафаров Саидакром Суҳбатович. – Жумладан, “Электрон ҳукумат” тизими ва мазкур дастур доирасида “Лицензия” ахборот тизимлари комплекси яратилиши бу борадаги энг муҳим қадамлардан бири бўлиб келмоқда.
Вилоятда мазкур тизим мажмуасида алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш, нефть маҳсулотларини автомобилларга ёнилғи қуйиш ва мой алмаштириш пунктлари орқали сотиш, нодавлат таълим муассасаларининг чет тилларини ўргатиш бўйича ўқув курсларини ташкил қилиш билан шуғулланиш учун ташқи рекламани жойлаштиришга рухсатнома ва лицензияларни киритиш каби ишлар якунига етказилди. Қолган лицензия фаолияти турлари, хусусан, дори воситалари ва тиббий буюмларнинг чакана реализацияси, ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесиш бўйича рухсатнома бериш ҳамда шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларининг кўчма савдо фаолиятини амалга оширишга, турар жойни нотурар жой тоифасига ўтказиш ва нотўғри  фойдаланилган ерларни қайта рекультивация қилиш учун рухсатнома ва лицензиялар реестрини электрон шаклда киритиб бориш устида амалий ишлар давом этмоқда. Ҳозирги кунда «Лицензия» ахборот тизимига масъул ҳодимлар томонидан маълумотлар киритилиб борилмоқда.

Семинар иштирокчилари ва “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази бўлим бошлиғи Р. Ишанов ўртасида “Лицензия” ахборот тизимлари комплекси реестрига киритиш тартиб ва қоидалари бўйича атрофлича фикрлар ва савол-жавоблар алмашилиб, истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди.

 РЕЖАЛАР
Телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш бўйича:
  • Тошкент вилоятида 2018 йил мобойнида мобил абонентлар сонини 803 мингтадан 827 мингтага етказиш;
  • Интернет фойдаланувчилар сони 602 мингтадан 744 мингтага етказиш режалаштирилган;
  • “Ўзбектелеком” АК Тошкент филиали томонидан 2018 йил мобайнида:
  • 200 км.дан зиёд оптик толали алоқа линияларини қуриш, оптик толали тармоқ учун 1024 портга тенг 56 та SWICH қурилмасини ўрнатиш;
  • кенг полосали тармоқни ривожлантириш бўйича 4224 та портга тенг 26 та MSAN қурилмасини ўрнатиш, 7296 та портга тенг 42 та DSLAM қурилмасини ўрнатиш режалаштирилган.
  • “ЎзМобайл” филиали томонидан 2018 йил I чорагида 20 та GSM ва CDMA стандартидаги база станциялари ўрнатилиши, йил давомида 168 та мобил алоқа база станцияларини ўрнатиш;
  • “Ўзбектелеком” АК ва “Тошвилтранстерминал” уюшмаси томонидан Танлов асосида Тошкент вилоятида ҳаракатланувчи йўловчи ташиш маршрутларига Wi-Fi тизимларини ўрнатиш, шу орқали йўловчиларни Ziyonet.uz миллий таълим тармоғига улаш режалаштирилган.
Ахборот технологиялари йўналиши бўйича:
  • 2018 йилда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Республика ахборот-кутубхона маркази, “Турон” АКМ томонидан “Мобил кутубхона”ларни жорий этиш лойиҳаси доирасида Тошкент вилоятида жойлашган олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежлари биноларининг кириш фаеларида QR-кодлар жойлаштириш.
  • Ўзбекистон миллий кутубхонаси электрон китоблари тўғрисидаги маълумотларни махсус таблоларда жойлаштириш ва уларни мобил қурилмаларга юклаб олиш ва ўқиш имконини яратиш;
  • 2018 йилда “Турон” ахборот-кутубхона марказида ташриф буюрувчилар учун Wi-Fi ҳудудларини ташкил этиш;
  • 2018-2019 йилларда “Тошвилтранстерминал” уюшмаси томонидан Тошкент вилоятининг катта шаҳарларига Тошкент шаҳридан ҳаракатланувчи давлат йўловчи ташиш автобусларига замонавий GPS тизимларини ўрнатиш;
  • 2018-2020 йилларда Тошкент вилояти ҳокимлигининг Вилоят ободонлаштириш бошқармаси томонидан Бекобод, Олмалиқ, Ангрен, Чирчиқ, Нурафшон шаҳарлари ҳамда Паркент, Оққўрғон, Келес, Паркент, Бўстонлиқ туманларининг Автобус такси парклари ва Тошкент автовокзалида
  • «Электрон таблоид»лар ўрнатиш;
  • 2019 йил давомида “Компьютерлаштириш маркази” ДУК томонидан Тошкент вилояти ҳокимлиги серверида IDS/IPS ва DLP тизимларини жорий этиш режалаштирилган.
Шунингдек, ҳудудий бошқарма томонидан 2018 йил давомида:
  • Соҳа корхоналарида 2018 йилда амалга оширилиши режалаштирилган ахборот хавфсизлигини ривожлантиришга қаратилган йиллик чора-тадбирлар режасининг ишлаб чиқилиши ва Вазирликнинг Тошкент вилояти ҳудудий бошқарма бошлиғига келишиш учун киритилишини таъминлаш;
  • Соҳа корхоналарида ахборот хавфсизлигининг таъминланганлик ҳолатини таҳлил қилиш мақсадида, жойларда ААТТСНБДИ ходимлари билан мақсадли ўрганишлар ўтказилишини таъминлаш ва ўрганиш натижалари бўйича маълумотларни Вазирликка киритиш;
  • Вилоятдаги соҳа корхоналарида, маҳаллий давлат органларининг ахборот хавфсизлигига масъул ходимларининг рўйхатини тузиш ҳамда ушбу ходимларни малакасини ошириш мақсадида “Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази” ходимлари иштирокида жойларда ўқув семинарларини ташкил этиш режалаштирилган.
  • Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда ўрта махсус касб-ҳунар таълими марказлари ҳудудий бошқармалари билан Республика ҳудудларида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг компьютер саводхонлигини ошириш ва уларга давлат электрон хизматларидан фойдаланишни ўргатиш бўйича ўқув  курсларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Сайдулла Алимов,
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Тошкент вилояти худудий бошкармаси Корхона ва ташкилотларда АКТни жорий килишни мувофиклаштириш бўлими бошлиғи.