Рақамли валюта. Биткоин ва унга боғлиқ масалалар

16

Интернет тармоғи оммалашиб боргани сари, дунё бўйлаб алоқа боғловчилар сони кундан кун кенгайиб бормоқда. Эътиборли жиҳат шундаки, улар шунчаки суҳбат қуриш билан чекланиб қолишаётгани йўқ. Ўзаро манфаат, айниқса, у даромад келтирса, фойдаланувчиларни бир-бирига янада яқинлаштирмоқда. Узоқни яқин қилаётган бу каби алоқа шакллари тадбиркорларнинг ҳам жонига ора кирди, десак янглишмаймиз. 

Эндиликда, дунёнинг исталган нуқтасидан туриб, интернет орқали бирор нима
харид қилиш, ёки ер шарининг нариги чеккасида турган шеригингизга нимадир сотиш билан ҳеч кимни ажаблантира олмайсиз. Ҳозирда бу каби жараёнлар кундан кун ривожланиб, уларнинг янги, нисбатан соддароқ ва фойдаланишга қулай шакллари яратилмоқда.

Молиявий амалларни масофадан туриб амалга ошириш учун электрон тўлов тизимининг yandex money, webmoney, qiwi каби бир неча анъанавий турлари мавжуд. Ушбу электрон пуллардан фойдаланишда амалга оширилган ҳар бир тўлов қийматига мос равишда фойдаланувчиларга солиқ солинади. Аниқроғи, ҳар қандай алдов ёки фирибгарликдан кафолатли ҳимоя ваъда қилган ҳолда, иккала томон ўртасида воситачиликни амалга оширгани учун тизим эгалари ўз улушларини олишади.

2009 йилда компьютер дастурлари яратувчиси Сатоши Накатомо томонидан кенг оммага эълон қилинган, мутлақо бепул янги тўлов тизими — биткойнлар, юқоридаги каби солиқлардан ўзини четга олишга уринаётган фойдаланувчилар учун айни муддао бўлди. Бироқ, шунга қарамай кўпчилик ундан фойдаланишга шошилаётгани йўқ.

Хўш, биткойн ўзи нима? Соддароқ қилиб айтганда, биткойнлар рақамли валютанинг марказлаштирилмаган ва фақатгина интернет тармоғида ишлайдиган янги авлоди бўлиб, валюта алмашинуви бутун дунё бўйлаб тизимга уланган миллионлаб компьютерлар ёрдамида математик ҳисоб-китобларни бажарувчи махсус дастур орқали амалга оширила- ди. Барча амалларнинг автоматик тарзда рўй бериши ва назорат қилишга эҳтиёж йўқлиги тизимнинг мутлақо бепуллигини таъминловчи омиллардан биридир. Доллар ёки евро каби биткойнга ҳам интернет орқали истаган нарсангизни харид қилишингиз мумкин ва тўлов жараёни бир неча дақиқа ичида амалга ошади.
У ҳам бошқа валюталар каби биржада ўйналади. Аммо, унинг ягона муҳим фарқи, марказлаштирилмаганлигидир. Ҳеч бир ташкилот уни бошқармайди, яъни
ҳеч бир банк уни назорат қила олмайди. Бу, сизнинг даромадингиз маҳфий
қолади, аммо шу билан бирга, пулларингизга ҳеч қандай кафолат берилмайди, деганидир. Амалга оширилган тўловларни бекор қилишнинг имкони
йўқ. Бордию, хатолик сабаб пулларингиз бошқа ҳисоб рақамига ўтиб кетса, паро-
лингизни ўғирлаб ундаги бор маблағни ўзларига ўтказиб олишса, ёҳуд тўлов
қилсангиз-у эвазига хизмат кўрсатилмаса, товар етказиб берилмаса, ушбу ҳолатларни
далиллар асосида исботлаб берсангиз ҳам, нариги тарафда хоҳиш бўлмаса, пулларингизни қайтара олмайсиз. Шу сабаб, ундан фойдаланишда кўпчилик иккиланади.

Шунга қарамай фойдаланувчилар сони кун сайин ошиб бормоқда. Одамлардаги
тез ва осон даромад олишга бўлган иштиёқ сабаб улар таваккал қилишдан ҳам тап
тортишмаяпти.

Биткойнлар таниқли иқтисодчи олимлар, молиячилар ва шу каби соҳа вакиллари орасида кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Валюта айланмасини
назорат қилишнинг имконсизлиги, ягона бошқарувнинг йўқлиги ва шунга ўхшаш
бошқа омиллар сабаб, улар мутахассисларнинг ишончига кира олганича йўқ.
Табиийки, бундай вазиятда билдирилаётган фикрларнинг аксарияти салбий.

Бу тизимда маълумотларнинг ўта маҳфийлиги ҳукумат вакиллари ёқтирмайдиган энг муҳим жиҳатлардан биридир. Биткойн-ҳамёнларнинг хос рақамлари б ўлиб, улардаги пулларнинг кимга тегишли эканлигини ҳамён эгасидан бошқа ҳеч ким билмайди. Фойдаланувчининг ўзи ошкор қилмагунича қайси ҳамён кимники эканлигини аниқлай олмайсиз. Бу эса, жиноятчиларга қора бозорда айланаётган ноқонуний товарлар (қурол-яроғ, наркотик моддалар в. ҳ.к) билан савдо қилишлари учун йўл очиб беради.
Шунингдек, АҚШ Сенатининг электрон валюта билан боғлиқ ҳисоботларда ҳам
шу каби тўлов тизимларида ноқонуний битимлар тузиш ҳолатлари тез-тез
учраб туриши айтилади.

Бундан ташқари, мутахассислар электрон валюта айланмасининг назоратдан ташқари эканлигидан ҳам хавотирдалар. Бу давлатнинг ички ва ташқи молиявий кўрсаткичларни баҳолаб бориш вазифасини янада мураккаблаштиради. 2014
йилнинг сентябрь ойида Англия Банки мутахиссислари биткойнлар оммавийлашиб
кетса, инфляция устидан назоратни бой бериб қўйиш хавфи борлигини таъкидлаб
ўтишган.

Австралиялик иқтисодчи Джон Квиггиннинг фикрича, биткойнлар айирбошлаш
ўрнида кўлланиладиган, аммо молиявий активлар ўрнини босолмайдиган ҳисоб-китоб ускунасидир. Ҳар қандай валютанинг қийматини белгиловчи молия захираси (олтин, кумуш, акция, облигация в.ҳ.к.) бўлиши керак. Биткойнларда бундай эмас. Агар савдогарлар улар билан савдо қилишни рад этса, биткойнларнинг қиймати
нолга тенг бўлиб қолади. “Эртами, кечми биткойннинг баҳоси ўзининг ҳақиқий қийматига, яъни нолга “кўтарилади”. Бироқ бу қачон юз беришини айтиш қийин”, — дейди Квиггин.(Quiggin, John. The Bitcoin Bubble and a Bad Hypothesis, The National Interest 16 April, 2013).

2014 йилнинг март ойида АҚШ ғазнаси ва Халқаро Валюта Фондининг собиқ
катта маслаҳатчиси Нуриел Рубини биткойн молиявий эҳромнинг бир тури
эканлигини таъкидлаган. (Lubin, Gus. ROUBINI: ‘Bitcoin Is A Ponzi Game And A
Conduit For Criminal Activities’. Business Insider. 9 March, 2014). Шунингдек, New
York Post мухбири Джонатан Тругман ҳам ўз мақоласида шунга ўхшаш фикр билдирган. (Jonathon M. Trugman. Welcome to 21st-century Ponzi scheme: Bitcoin, The New York Post, NYP Holdings, inc. 15 February, 2014).

Бироқ, Европа Марказий Банкининг 2012 йилдаги ҳисоботига кўра, ҳозирча биткойн тизимини молиявий эҳром сифатида баҳолаш учун асослар етарли эмас. (Ott Ummelas and Milda Seputyte. Bitcoin ‘Ponzi’ Concern Sparks Warning From Estonia Bank, bloomberg.com, Bloomberg. 31 January, 2014).

Чикаго Университетининг ҳуқуқшунос профессори Эрик Познернинг фикрига
кўра, молиявий эҳром одатда қаллоблик, фирибгарлик хусусиятларига эга бўлади.
Биткойн билан боғлиқ вазият эса, кўпроқ жамоавий хомҳаёлга ўхшайди.(Posner, Eric.
Bitcoin is a Ponzi scheme – the Internet’s favorite currency will collapse. 11 April, 2013).

Швейцария ҳукумати вакиллари эса бу саволга жавобан ўз ҳисоботларида биткойн
молиявий эҳромдан фарқли ўлароқ, фойдаланувчиларга даромад кўришлари ҳақида
алоҳида ваъдалар бермайди. Шундай экан, у молиявий эҳром ҳисобланмайди,
деган фикрни билдиришган. (Federal Council report on virtual currencies in response to
the Schwaab (13.3687) and Weibel (13.4070) postulates. Federal Council (Switzerland).
Swiss Confederation. 25 June, 2014).

Юқорида келтирилган далиллар ва билдирилган фикрлардан билиш мумкинки, мутахассислар биткойн борасида ҳозирча бирор бир тўхтамга келишгани йўқ.
Аммо, бу сизнинг хотиржам бўлишингиз учун етарли эмас. Бордию, сиз электрон
валюта фойдаланувчиси бўлсангиз ёки ундан фойдаланишни истасангиз, бунинг
учун етарлича молиявий билим ва кўникмага эга бўлишингиз лозим. Негаки, йўл
қўйилган хатолар орқали нафақат пулларингиздан айирилишингиз, балки ўзингиз
билмаган ҳолда қонунбузарлик содир этишингиз мумкин.