Ҳозирги ахборот технологиялари асрида маълумотлар билан ишлаш, улар билан алмашишни амалга ошириш, уларни сақлаш ва ҳимоялаш бўйича ишларнинг кўлами кун сайин кенгайиб бораётган бир пайтда ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари ҳатто коинотда ҳам долзарб бўлишга улгурди. Айниқса, коинотга сунъий йўлдош ва фазо кемаларини чиқара олган ҳамда фазо станциялари фаолият кўрсатаётган давлатлар учун бу мавзу муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Шундай экан, биз ҳам ушбу мақоламизда мазкур масалани кўтариб, атрофлича ўрганиб чиқишга баҳоли қудрат уриниб кўрамиз.

Жорий йилнинг 12 февраль куни республикамиз Президентининг “Ўзбекистон Республикасида фазовий тадқиқотлар ва технологияларни ривожлантириш тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди. Ушбу фармойишда Ўзбекистон Республикасида фазовий тадқиқотлар ва технологияларни ривожлантириш учун катта салоҳият, жумладан муайян амалий тажриба ва базавий фазогирлик инфратузилмаси мавжудлиги келтириб ўтилган. Бироқ шу билан бирга мамлакатимизда охирги йилларда фазогирлик соҳасида жиддий тадқиқотлар олиб борилмаганлиги, халқаро ҳамкорлик тўхтатиб қўйилганлиги ва бир қатор бошқа камчиликлар кўрсатиб ўтилган.

Маҳаллий фазогирлик фанини ривожлантириш ва эришилган ютуқлардан мамлакатнинг инновацион ривожланишида унумли фойдаланиш, фазовий тадқиқотлар соҳасида халқаро ҳамкорлик ўрнатиш ва ривожлантириш ҳамда аэрокосмик соҳа учун малакали кадрларни тайёрлаш мақсадида мазкур фармойиш билан Ўзбекистон Республикасида фазовий тадқиқотлар ва технологияларни ривожлантириш юзасидан таклифлар тайёрлаш ишчи комиссияси ташкил этилди. Ушбу комиссия зиммасига бир қатор вазифалар юкланди.

Шу билан бирга, жорий йилнинг 27 август куни Ўзбекистон ва Франциянинг Thales Alenia Space компанияси сунъий йўлдошларни учириш ҳамда бошқаришни ўз ичига олган лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. Маълум бўлишича, бу хушхабар Ўзбекистон Республикаси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ва Thales Alenia Space компанияси вице-президенти Эрик Имберт ўртасида Францияда ташкил этилган учрашувда айтиб ўтилган. Томонлар космик ва сунъий йўлдош саноатини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга оид бўлган масалаларни ҳам муҳокама қилишган. Маълумот учун, Thales Alenia Space аэронавтика, космос, мудофаа, йўлдош технологиялари ва ҳаво ҳаракатини бошқариш бўйича дунёдаги етакчи халқаро саноат компанияси ҳисобланади. Мазкур компания вакиллари дунёнинг 56 мамлакатида фаолият юритади. Компаниянинг йиллик ўртача маблағ айланмаси қарийб 16 млрд. еврони ташкил қилади. Ўзбекистонда ҳам ваколатхонаси бор. Эслатиб ўтамиз, ушбу cоҳа бўйича Ўзбекистон ҳудудида маҳаллий мутахассисларни ўқитиш технологик базасини ташкил этиш режалаштирилган.

Фазовий техникалардан фойдаланиш алоқа тизимларининг самарадорлигини сезиларли даражада оширди, сайёрамизнинг барча бурчакларини ўзаро боғлашига имкон яратди. Ер сунъий йўлдошларининг учирилиши билан алоқа сифати, тезкорлиги ва ишончлилигининг ошишига янги имкониятлар очилди. Бундай йўлдошлар ўзининг оддийлиги ва арзонлиги билан ажралиб туради. Улар юпқа деворчали қобиқ шаклида бўлиши мумкин. Иш жараёнида ишончли ҳисобланади ва узоқ вақт ишлаши мумкин. 30 минг км баландликда жойлашган экваториал орбитани акс этувчи стационар орбитадаги йўлдошлари мавжуд бўлган фазовий алоқа тизими катта афзалликларга эга. Бундай орбита йўлдошни Ер юзасининг ҳолатига нисбатан ҳаракатсиз сақлаши (айланиш бурчак тезликларининг тенглиги эвазига) билан ажралиб туради. Стационар орбитадан Ер юзасининг каттагина қисми қамраб олинади. Битта стационар йўлдош, бир-биридан 17 минг км масофада жойлашган пунктларнинг орасидаги алоқани таъминлаб бера олади.

Фазовий алоқа тизимлари ҳар бир давлатнинг ички эҳтиёжларини қондириш бўйича миллий масалаларнинг ҳал қилинишини таъминлайди ва бир вақтнинг ўзида халқаро маълумот алмашиш имкониятларини кенгайтиради. Бугунги кунда фазовий тизимлар ҳаётимизнинг барча жабҳаларига кириб келиб, мустаҳкам ўрнашиб олмоқда. Ўнлаб давлатлар маълумотларни дунё миқёсида умумлаштириш ва тарқатилишига замин яратган фазо тизимлари имкониятларидан кенг фойдаланиб келмоқда. Атмосферанинг турли қатламларидан тараладиган иссиқлик параметрларини йўлдошнинг борт ускуналари ёрдамида ўлчаган ҳолда улардаги жараёнларни ўрганиш учун анчагина материал тўплаш мумкин.

Бундан ташқари, йўлдош Ер юзи бўйлаб тарқалиб кетган ер усти метеорологик пунктлардан маълумотларни йиғишда қулай восита бўлиб хизмат қилади. Ер атрофида бир марта айланиб чиқиш вақтида йўлдош барча метеорологик станциялардан келиб тушадиган маълумотлар миқдоридан 100 баробар кўпроқ маълумот тўплайди.

Коинотга илк сунъий йўлдош учирилгандан буён инсоният тарихида янги давр бошланди. Дунё сиёсатининг йирик ўйинчилари, коинот – ердаги ишларга таъсир кўрсатишнинг асосий, яъни илмий-тадқиқот, иқтисодий ва ҳарбий характердаги вазифаларни ҳал қилувчи воситаларидан бири эканлигини тез тушуниб олишди. Ушбу маконни ўзлаштириш, мамлакатлар ва халқаро ташкилотларнинг ҳаракатларини назорат қилиш, таъсир ўтказиш ва бутун бир давлатларни тўсатдан йўқ қилиш билан тўғридан-тўғри таҳдид қилиш имкониятини тақдим этди. Коинот — кимлардир учун юлдузларнинг милтираши бўлса, бошқалар учун жанг майдонига айлана бошлади. Дунёнинг етакчи давлатлари буни тезлик билан англаган ҳолда тегишли ишларни бошлаб юборишди.

Хусусан, 1950 йилларнинг ўрталарида Совет Социалистик Республикалари Иттифоқида, АҚШда ва Хитойда радиолокация тизимларининг – дециметр ва метрли диапазонларнинг, радиотехник, оптик-электрон, фазо ҳудудларини оптик ва лазерли кузатув воситаларини лойиҳалаштириш ва яратиш ишлари бошлаб юборилди. Бу ишларни амалга оширишдан мақсад – рақиб томоннинг фаолиятини ҳам коинотда, ҳамда коинотдан кузатиш эди. Собиқ Иттифоқда изчиллик билан ракеталарга қарши мудофаа (ПРО) ва фазодан келувчи хавфга қарши мудофаанинг (ПКО) ракета ҳужумларининг олдини олиш воситалари (ПРН) ишга туширилди. Уларнинг ҳамкорликдаги фаолиятининг ахборот таъминотини таъминлаш учун Фазо ҳудудини назорат қилиш хизмати ташкил қилинди.

Экспертларнинг маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда Ер атрофидаги фазо ҳудудида 1 мингтага яқин хорижий фазовий аппаратлар фаолият юритиб келмоқда. Улар 30 та давлат ва халқаро ташкилотларга тегишли бўлиб, ҳарбий ва бошқа турли вазифаларни бажариш, хусусан, Ерни масофадан кузатиб туриш ва коинотдан ер усти, денгиз, ҳаво ҳамда фазовий объектларни разведка қилиш, баллистик ракеталар стартини аниқлаш, алоқа ва маълумотларни узатиш, фазовий навигация, метеоразведка, топогеодезия учун мўлжалланган.

Албатта ушбу маълумотларнинг барчасини ҳимоялаш зарур. Коинотда ишланадиган, сақланадиган ва узатиладиган маълумотларга хужум ташкил қилинадиган бўлса, бунинг оқибатида хавфли ва нохуш вазиятлар юзага келиши мумкин. Америка Конгрессида тингланган ҳисоботлардан бирида 2007 ва 2008 йиллардаги ҳодиса келтириб ўтилган. Унга кўра, Хитой хакерлари Норвегия ҳудудидаги ер усти станциялари орқали АҚШ га тегишли иккита йўлдошни ишдан чиқарганлар. Йўлдошлардан иқлимни ўрганиш ва топографик суратга тушириш ишларини амалга оширин учун фойдаланилган бўлсада, йўлдошларнинг дастурий таъминотини ишдан чиқариш ҳолатининг ўзи хавф ва ҳужумларнинг янги босқичини акс этади деб келтирилган ҳисоботда. Бу каби аралашувлар, айниқса стратегик вазифаларга эга бўлган йўлдошларга нисбатан амалга ошириладиган бўлса, бир қатор хавфларни келтириб чиқаради. Хакерларнинг йўлдошларни назорат қилиш тизимига кира олишлиги, ҳужум уюштирувчига йўлдошлар орқали истаган ишини амалга ошириш, шу жумладан йўқ қилиб юборишгача бўлган имконни яратади. Бундан ташқари, ҳужумчи йўлдошдан узатилаётган маълумотларни устамонлик билан ўзгартириб, бузиб, алмаштириб қўйиши мумкинки, натижада аппаратнинг қонуний эгаси нотўғри маълумотларни қабул қилиб ўтиради.

Кибержиноятчилар дуч келадиган асосий муаммолардан бири – бу ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан уларнинг доменлари ва C&C серверларининг ҳибсга олиниши, олиб қўйилиши ва ишдан чиқарилиши ҳисобланади. Бундан ташқари, домен ва серверлардан жиноятчиларнинг жисмоний жойлашишларини аниқлашда фойдаланилади. Тижорат инструментларидан фойдаланадиган баъзи устамон хакерлар ушбу муаммонинг ечимини топишди. Ўз ҳаракатларини пинҳон тутиш учун ёвуз ниятлилар йўлдош каналларидан фойдалана бошладилар. Тадқиқотчилар ушбу усулдан фойдаланадиган учта алоҳида гуруҳни аниқладилар. Улардан диққатни кўпроқ тортгани, бу — ўн йилдан буён кибершпионаж билан шуғулланувчи Turla гуруҳи ҳисобланади. Ушбу гуруҳ бошқа гуруҳлардан нафақат қўллайдиган воситалар ва локал тармоқлар ичидаги прокси-серверларнинг кўп босқичли тармоқлари орқали жисмоний изоляцияни айланиб ўтиш механизмларининг мураккаблиги билан, балки йўлдошларда жойлашган буйруқ бериш – назорат қилиш механизмларидан фойдаланиши билан ҳам ажралиб туради. Бу усул хакерлар учун катта хавф туғдирса ҳам, ҳуқуқ-тартибот идоралари учун ҳужум уюштираётганларни идентификациялаш вазифасини сезиларли даражада мураккаблаштиради. Йўлдошлардан фойдаланиш серверларни ҳибсга олиш муаммосининг ажойиб ечими ҳисобланади, бироқ йўлдош интернетининг тезлиги жуда паст ва барқарор эмас.

Экспертларнинг сўзларига қараганда, жиноятчилар йўлдошлардан қай тарзда фойдаланаётганликларини аниқлаш осон бўлмаган, яъни улар тижорат йўлдош каналларини қонуний ижарага олишадими ёки алоқа операторларини обрўсизлантириш орқалими. Сабаби қонуний йўл билан канални ижарага олиш унчалик арзон эмас — 1 Мбит/с тезлигидаги канал қиймати ҳафтасига 7000 АҚШ долларни ташкил этади. Turla гуруҳи эса Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларининг DVB-S стандартига мансуб йўлдош каналларини бузиш усулидан фойдаланади.

Бунга жавоб тариқасида АҚШ нинг Ҳарбий Ҳаво Кучлари Флоридадаги Канаверал бурнидаги фазо аппаратлари учириладиган майдондан янги Америка разведкачи йўлдошини коинотга учирдилар. Atlas-5 ракета ташувчиси белгиланган орбитага NROL-67 номи билан танилган аппаратни олиб чиқди. Ушбу ускуна, норасмий маълумотларга кўра, Америка махсус хизматларининг манфаатларида фазовий радиоэлектрон разведкани амалга ошириш ва маълумотларни радио қурилмалар орқали қўлга киритиш учун мўлжалланган. Таъкидлаб ўтиш керакки, NROL русумли йўлдошлар ҳақида ошкора сўз юритилмасада, ушбу жосус-йўлдошлар орбитадаги энг йирик ва энг оғир эканликлари маълум. Геосинхрон орбитадан, учирилган аппарат АҚШ нинг разведкаси учун маълумотлар тўплайди. Ушбу русумдаги йўлдошлар радиоресиверлар тармоқлари ва катта антеннадан ташкил топган. Янги йўлдош ишга тўлиқ туширилгандан сўнг, аппарат АҚШ нинг Миллий Хавфсизлик Агентлиги манфаатлари учун ишлайди ва турли мамлакатлар раҳбарияти томонидан радиомулоқотларини “глобал маълумотларни радио қурилмалар орқали қўлга киритиш” билан шуғулланади.

Коинотда ахборот хавфсизлиги тизимини барпо қилиш учун қуйидаги ташкилий чораларни амалга ошириш зарур ҳисобланади:

1) ҳимояланаётган маълумотларнинг махфийлик даражаси (тоифаси)ни белгилаш (фазовий аппаратнинг тоифасига боғлиқ: алоқа йўлдоши, илмий-тадқиқот йўлдоши, ҳарбий ва б.);

2) ҳимоя усуллари (локал, объектли ва қўшма) ва воситаларининг принципини танлаш;

3) ҳимояланаётган маълумотларнинг ишлаш тартибини белгилаш;

4) макон омилларининг ҳисобини чиқариш:

  • назоратдаги (ҳимояланадиган) ҳудудларни белгилаш;
  • хоналар ва объектларнинг бир-бирига ҳамда назоратдаги ҳудудга нисбатан жойлашувини тўғри танлаш;

5) вақт омилларини ҳисобга олиш:

  • ҳимояланадиган маълумотларнинг ишлаш вақтини чеклаш;
  • юқори даражадаги махфийликка эга бўлган маълумотлар билан ишлашни тор доирадаги шахсларга етказиш;

6) жисмоний ва техник омилларнинг ҳисобини олиш:

  • бегона шахслар томонидан акс эттирилаётган маълумотларнинг визуал (ёки техник воситалар ёрдамида) кузатув имконини аниқлаш;
  • назорат-кузатув аппаратурасини ахборот объектидан узиб қўйиш ва электр энергиясиз қолдириш;
  • ахборот ўтказувчи кабелларни ўзаро ва ўтказувчи қурилмаларга нисбатан максимал даражада тарқатиб жойлаштириш, уларнинг кесишувини тўғри бурчакда бўлишини таъминлаш.

Махсус техник воситалар ёрдамида ишлаб чиқариш ва меҳнат фаолиятини таъминлаш техник воситалари орқали маълумотларнинг эҳтимолий чиқиб кетиш каналларини блокировкалаб қўйиш ва уларда объектни ҳимоялаш тизимини яратиш учун бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш зарур:

  • коммуникациялар ўтказиладиган хоналарнинг жойлашуви ва уларнинг атрофидаги ҳудуднинг специфик хусусиятларини таҳлил қилиш;
  • махфий маълумотлар айланадиган хоналарни ажратиш ва улардаги фойдаланилаётган техник воситаларни ҳисобга олиш;
  • қуйидаги ҳаракатларни амалга ошириш:
  • фойдаланилаётган техникани белгиланган нурланиш даражасига мувофиқлиги юзасидан текширувдан ўтказиш, хона ичидаги техникани ёки техника сақланадиган хонани экранлаш;
  • алоҳида занжирлар, линиялар ва кабелларни таъмирдан ўтказиш;
  • махсус қурилмалар ҳамда пассив ва актив ҳимоя воситаларидан фойдаланиш.

Маълумотларни ҳимоялашнинг комплекс тизимини яратишдаги кейинги босқич ахборотни ҳимоялаш техник воситаларини танлаш ва жорий қилиш бўлиши зарур. Булар шундай воситаларки, уларда асосий ҳимоя функцияси техник қурилма (комплекс ёки тизим) орқали амалга оширилади. Техник воситаларга турли электрон ва электрон-механик қурилмалар киради, Парвозларни бошқариш ахборот тизимининг техник воситаларининг таркибий қисмини ташкил этади ҳамда бошқа воситалар билан биргаликда маълумотлар ва умуман тизимни ҳимоялайди ва уларга киришни назорат қилади.

Ҳаддан ташқари электромагнит нурланишнинг олдини олиш учун алоҳида қурилмалар ва хоналарни экранлаш, ахборот сигналларини маскировка қилувчи шовқин сигналларини тарқатиш махсус воситалари ҳам техник воситаларга киради. Маълумотлар чиқиб кетиш каналларининг баъзиларини техник (аппарат) ҳамда дастурий ҳимоя воситалари билан ёпиш мумкин. Ҳимоялаш воситаларини танлаш етарлилик принципларига асосланиши лозим. Юқори тоифали ҳимояланишга эга бўлган ахборот тизими учун ҳимоянинг техник воситалари афзал кўрилиши лозим. Техник ҳимоя воситаларининг афзалликлари қуйидагилар ҳисобланади:

  • юқори даражадаги ишончлилик;
  • кенг қамровли вазифалар;
  • маълумотларни ҳимоялашнинг комплекс тизимларини яратиш имконияти;
  • ноқонуний таъсир ўтказиш уринишларига қарши тезлик билан чоралар кўриш;
  • фойдаланилаётган ҳимоя функцияларини амалга ошириш усулларининг анъанавийлиги.