Ўзбекистон- Жанубий Корея: навбат электрон савдо-сотиқ соҳасини ривожлантириш бўйича ҳамкорликка

35

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Корея Республикасига буюрган ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ва «Узтрейд» АЖ компанияси ва Жанубий Кореянинг KITA (Корея халқаро савдо ассоциацияси) ҳамда KTNET (электрон савдо миллий платформаси) ташкилотлари ўртасида www.tradeuzbekistan.com электрон савдо майдонида экспорт-импорт операциялари бўйича шартнома тузиш жараёнини онлайн бошқариш имкониятини берадиган ягона миллий ташқи савдо электрон платформасини яратиш бўйича келишув ва меморандум имзоланди.

KITA ва KTNET раҳбарияти билан ўтказилган учрашув доирасида, www.tradeuzbekistan.com савдо платформасини халқаро майдонда илгари суриш, ушбу платформани жаҳон бозорида Ali Baba, Ebay, Allbiz, Amazon каби савдо майдонлари каби фаолият юритишига ҳисса қўшиш бўйича келишув тузилди.

Шунингдек, юқори даражадаги ташриф давомида DAEWOO POSCO, Suwon, JIN WON ва E-Mart компаниялари раҳбарлари билан ҳам музокаралар ўтказилиб, ўзбек маҳсулотларини Жанубий Корея бозорига етказиб бериш бўйича экспорт шартномалари имзоланди.

Бундан ташқари, «Узтрейд» АЖ ва Suwon компанияси ўртасида Сеулда Ўзбекистон маҳсулотлари тақдим қилинадиган ўзбек-корейс савдо уйи ва «show room» очилиши ҳақида келишув тузилди.