“Эсингда бўлсин, сенинг ишинг – пулбай, меники – кунбай”

72

Ўзимизда ва хорижда фрилансерликка бўлган талаб, мустақил мутахассис бўлиш шартлари ва шу кабилар хусусида

Ўзбекистондаги илғор IT компанияларидан бири – Newmax Techonologies асосчиси Акмал Пайзиевга соҳага қизиқиш билдираётган талабалар, фаол ёшлар билан учрашувда қуйидагича савол берилганди:

Ҳиндистонда юз минглаб дастурчилар дунёнинг йирик корпорациялари ва хорижий компаниялар билан ҳамкорлик қилади. Нисбатан арзон фрилансерлар хизматидан фойдаланиш анъанаси Ҳиндистонга миллионлаб доллар пул кириб келишини таъминлайди. Яқин йилларда бизнинг дастурчиларимиз ҳам шунга ўхшаб жаҳон меҳнат бозорида қатнашишларининг қанчалик эҳтимоли бор?

Ишбилармон ва IT соҳасининг тажрибали вакили Ўзбекистонда бундай фрилансерликнинг ривожланиши учун баъзи омиллар таъсир қилиши ҳақида гапирганди. Улар мутахассисларнинг тил кўникмалари, мамлакат бўйлаб техника воситалари ва интернетнинг ривожланиши ҳамда жамиятнинг бундай турдаги фаолиятни қабул қилиши масалалари эди. Биринчи навбатда сон минглаб ёшларимиз чет тиллар, хусусан, инглиз тилини самарали иш юрита олиш даражасида билиши зарур. Иккинчидан, зарур техник воситалар ва интернет технологиялари иш ташкил қилиш учун етарли даражада бўлиши керак. Ундан ташқари, одамларда фрилансерлик фаолияти ҳақида маълумот, шу иш билан муваффақиятга эришганларнинг ҳаётий мисоллари бўлиши керак, – деб жавоб берди Акмал Пайзиев.

Чиндан ҳам савол қизиқ, жавоб ҳам асослидир. Вақт, чегара ва жой факторларини инкор қиладиган ноанъанавий ишлаш усули – фриланс бугун заррабинимиз остида. Келинг, унинг Ўзбекистонда ривожланиши, афзаллик ва зиддиятлари ҳамда қатор бошқа масалалар бўйича ахборот технологиялари соҳасида фрилансерлик фаолиятини олиб борадиган мутахассислар маълумот беришса.
Фрилансерлар хизматига эҳтиёж ҳақида.

Ғайрат Раҳимов, Андроид девелопер, Тошкентдаги “Android Club” асосчиси: Компаниялар IT ечимлари учун кўпроқ мобил иловаларни ишлаб чиқувчилар учун аутсорсингга талаб ҳис қилади. Фрилансерлар энг кўп жалб қилинадиган тармоқлар сирасига веб дизайн ва UI/UX дизайн ҳам киради. 

Ўзбекистонда ҳам тренд шундай. Лекин кузатишимга қараганда, ўзи умуман “user infterface”, “user experience” ҳали бизда ривожланиши керак бўлган йўналишлар ҳисобланади. “Фронт энд”чилар ташқаридан шартномага ёлланади, лекин “бэк энд” вазифалари ва ахборот хавфсизлиги бўйича ишларни компаниялар штатдаги ходимларга ишонади.

Ижобий ва салбий томонлари.

Мен андроид иловалар ишлаб чиқиш бўйича охирги бир йил давомида фрилансерлик қилаяпман. Фрилансер ўз вақтини ўзи режалаштириши мумкин. Мен учун эрталаб барвақт туриш энг қийини, унинг устига тунда яхшироқ ишлайман. Ҳеч ким халақит бермайди, максимал даражада диққатимни жамлай оламан. Ҳеч қаёққа бориш, ортиқча йўл босишнинг кераги йўқ, йўлга вақт ва пул тежалади. Булар эркин мутахассис бўлишнинг яхши томонларидир.

Иш барқарор эмаслиги, бугун иш бор, эртага эса йўқ бўлиши мумкин. Ва аксинча, вақти келиб, буюртмалар жуда кўпайиб кетиши мумкин. Вақтни, иш оқимини пухта режалаштира олиш кўникмалари фрилансер учун жуда муҳим. Фрилансерларни штатга ходим олишга пули йўқ лойиҳалар ва асосан стартаперлар ёллайди. Бундай буюртмачилар кўпинча техник вазифасиз ишлайди, уларнинг аксарияти буни нималигини ҳам билмайди. Шунинг учун иш ҳажми кутилганидан бир неча баробар кўп бўлиб кетиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Яқинда менга танишларим анроид илова қилиб беришимни сўради, кўндим. Улар тасвирлаб бериши бўйича иш жуда оддий ва осон эди. Мен бир кунда илованинг “mockup”ини тайёрладим, кейин улар топшириқ юбораверди, юбораверди. Шундай қилиб 3 ой вақт ўтди. Тугамагани учун улар ҳақ тўламади. Мен рағбатсиз ишлагим келмади. Охирида улар лойиҳасиз, мен пулсиз қолдим. Шунча вақт бекор кетди.

Энг кўп учрайдиган хатолар.

 

Жамшид Холиқулов, график дизайнер, иллюстратор:  Ўз тажрибамдан айтадиган бўлсам, фрилансерлар лойиҳанинг тўлиқ техник вазифаси билан танишиши, шунга кўра ҳисоб-китоб масалалари бўйича гаплашилиши зарур. Бунга беэътибор бўлиш фрилансерликда энг кўп учрайдиган катта хатодир.

Иккинчи хато дедлайнларга риоя қилмаслик. Ишни ўз вақтида тугатмаслик, ишни ортга суриш фрилансер нуфузига ва оқибатда унинг даромадларига ёмон таъсир қилишидир. Прокрастинатор бўлиб, буюртмага ишлашда барака топмайсиз. Ваниҳоят, мижоз нима хоҳлаётганини тўлиқ тушуниб олмасдан ишга киришиб кетиш, ишнинг бирламчи натижаларини буюртмачига кўрсатиб, маъқуллатиб олмасдан ишлаш ҳам нотўғри. Бу билан, масалан, график дизайнерлар ўз ишини қийинлаштиради.

Фрилансер бўлиб ўрганиш имкони кўпроқми ёки…

Фриланс хар ҳил лойиҳаларга жалб қилиниш ва кўп йўналишда тажриба тўплаш имкониятини беради. Лекин барибир профессионал ривожланиш ишчининг ўзига боғлиқ, штатда фаолият юритиб ҳам кўникмаларни бойитиш мумкин.

Талабалар учун фрилансерлик қандай имконият яратади?
Нуруддин Иминохунов, Тошкентдаги Инҳа университети талабаси, веб дастурчи: Ўқишда олинган назарий билимларни амалда қўллаб, ўтилган мавзуларни мустаҳкамлаш, уларни чуқурроқ ўрганишда фрилансер бўлиб ишлаш фойдали. Соҳага кириб бориш фрилансерлик билан қизиқроқ бўлади.

Баъзида касбимизнинг университетдаги маърузаларда очилмаган янги қирраларни иш давомида кашф қилиш, ўз мутахассислигимизга кўпроқ меҳр қўйиб, ундан завқ олиш ҳам шундай фрилансерлик шарофати билан бўлади. Ахир, талаба учун ўқиш билан бирга бирор компания штатида ишлаш жуда қийин.

Фриланс ай-ти мутахассиси сифатида ўсиш имкониятидан ташқари шахсий ривожланиш, мустақил бўлишга ҳам кенг йўл очади. Вақтни бошқариш, лойиҳани бошқариш ва мижозлар билан ишлаш бўйича тажриба тўплайсиз. Фрилансер бўлишнинг зиддиятлари кўп лойиҳаларни тугатиб улгуришга интилиш, бир вақтда бир нечта лойиҳа билан банд бўлиш билан боғлиқ. Бир вазифа тугагунча, иккинчисига ўтиш керак, аслида.

Бизнинг университетда IUTLab лойиҳаси тузилган. Айнан шу лаборатория талабаларга компаниялардан буюртмалар олишга, ўз ишларини бажаришда ўқитувчилар ва тажрибалироқ университетдошлари ёрдамидан фойдаланиш, фикр алмашиш имконини беради.

Фрилансерликка бўлган талаб ва хориж буюртмалари билан ишлаш…  
Элёр Латипов, Ўзбекистон товар хомашё биржаси дастурчиси: Ай-ти соҳасида фрилансерларга компаниялар икки хил ҳолатда мурожаат қилади. Биринчиси, ходимга тўлиқ ижтимоий пакет таклиф қилолмайдиган ширкатлар маълум муддатга (ўртача 3-6 ой) мўлжалланган шартнома асосида. Иккинчиси, ҳар хил давлатлардан энг яхши дастурчиларни тўплашни ният қилган компаниялар. Бунда асосан Upwork ёки Linkedin каби интернет хизматларидан фойдаланилади. Буюртма шартномалари асосида ишлашнинг энг катта афзалликларидан бири эҳтиёжга қараб кўникмаларингиз доираси кенгайиб, иш қамровингиз ҳам ошиб бораверади.

Бунда сиз бирор компанияда йиллар давомида бир йўналишда ишлаб қолмасдан, рақобатбардош бўлиш учун доим ҳаракатда бўласиз, ўз устингизда ишлайсиз. Фриланс – бу мустақиллик. Эркинлик эса катта масъулият юклайди, ўз-ўзини юқори даражада ирода қилишни талаб этади. Шуни эплай олган инсон учун фрилансер бўлиш жуда манфаатли ва қизиқарли.

Хориж компаниялари  билан ишлаш учун бир нечта фрилансерлик платформалар  мавжуд. Буларга CrossOver, TopTal кабилар киради.

Биз суҳбат қурган кўпчилик ахборот коммуникация технологиялари мутахассислари маҳаллий меҳнат бозоридаги талабнинг ўзи катталиги, масофадан туриб чет эл буюртмачилари билан ишлашга қўл ҳам тегмаслигини таъкидлади. Дастурчиларимиз фаолияти ҳали халқаролашмаганининг сабабларидан бири ички талабнинг қондирилмагани бўлиши мумкин.  

Шарҳ қолдиринг

Шарҳни киритинг.
Исмингизни киритинг