IUTда “Silicon Valley Talks” лойиҳаси доирасида илк маъруза ташкиллаштирилди

9

29 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида (IUT) биринчи маротаба “Silicon Valley Talks” лойиҳаси доирасида маъруза ташкиллаштирилди.

Маъруза ташкилотчилари IUT ҳамда АҚШнинг “Openbucks” корпорацияси 2017 йил сентябрь ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи доирасида ўзаро англашув Меморандумини имзолаган эдилар.

Имзоланган меморандум доирасида IUT ва “Openbucks” IT-таълим соҳасида ҳамкорлик қилишни режалаштиришмоқчи. Жумладан, томонлар “Silicon Valley Talks” шаклидаги стартаплар ва инновацион лойиҳаларни ривожлантириш мақсадида маърузалар ўқиш ҳамда энг яхши амалиёт ва маълумотлар билан алмашиш учун АҚШнинг етакчи экспертларини таклиф қилишмоқчи. “Silicon Valley Talks” тадбири доимий асосда ўтказилиб, ташкилотчилар Кремний водийсидаги турли компанияларнинг вакилларини таклиф қилишни режалаштиришган.

Тайёргарлик ишларидан сўнг, IUT ва “Openbucks” компанияси талабалар учун дастлабки “Silicon Valley Talks” маърузасини ўтказишди. “Silicon Valley Talks”нинг биринчи меҳмони сифатида “Openbucks” корпорациясининг Бош директори Марк Рочман таклиф этилди.

Марк Рочман Кремний водийсидаги стартап, “Openbucks” компаниясининг асосчиси ҳисобланади. Мазкур сервис фойдаланувчиларга банк карточкаларидан фойдаланмаган ҳолда тўловларни амалга ошириш имконини беради. Пластик карточкалар технологияси соҳасида мутахассис бўлгани сабабли, Марк Рочман пластик карточкалар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “CardUSA” компаниясига асос солди.

Маъруза давомида Марк Рочман Франциядан АҚШдаги Кремний водийсига кўчиб ўтгандан кейинги стартап лойиҳаларни ривожлантиришдаги ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.

Хусусан, у стартапларни амалга оширишда қандай қилиб муваффақиятга эришиш мумкинлиги тўғрисида гапириб берди. Марк Рочман ғоялар, уларни амалга оширганларга тегишли эканлигини қайд этди.

У лойиҳанинг муваффақиятида жамоанинг муҳимлигига тўхталди. Унинг фикрича, стартапларни якка тартибда эмас, жамоа бўлиб амалга ошириш лозим. Шунингдек, у талабаларга кенгроқ фикрлаб, кичикроқ стартапдан бошлаб, дадил ҳаракат қилиш лозимлигини таъкидлади.