Онлайн-таксилар ҳақида нималарни биласиз?

35
Ҳар куни эрта тонгдан ишга ёки ўқишга борувчилар жамоат транспортининг асосий фойдаланувчилари ҳисобланади. Керакли манзилга ўз вақтида, бехавотир етиб олишда кўпчилик автобус, метро ёки минибуслар хизматидан фойдаланса, бошқалар такси ёхуд йўловчи машиналарга мурожаат қилишади. Хуллас, ҳар ким ўз эҳтиёжи ва моддий имкониятидан келиб чиқиб энг маъқулини танлайди. Умуман олганда, ҳозирги пайтда кўзлаган манзилингизга етиб олиш, айниқса, пойтахт кўчаларида у қадар қийинчилик туғдирмайди. Бордию, сизга керакли йўналишда қатновчи автобус ёки транспортни кутишга тоқатингиз бўлмаса, сиз учун ҳамиша иккинчи “вариант” — такси тайёр туради.

Хўш, қандай вазиятларда таксига мурожаат қиламиз ва буни қай тариқа амалга оширамиз? Аксарият ҳолларда вокзал, аэропорт, марказий бекатлар, дўкон ва савдо марказлари, автотураргоҳлар яқинида турган “киракаш”лар шошиб турганимизда қаршимиздан чиқади. Агар улардаги нарх қимматлик қилса,тўғри йўл четига бориб то чўнтагимизга тўғри келадигани учрамагунга қадар дуч келган машинага қўл силтаб туришга ўрганиб қолганмиз. Махсус бўялган сариқ рангдаги машина (такси)ларга-ку қайрилиб ҳам қарамаймиз. Сабаби кўпчиликда улардаги нархлар биз ўйлагандан кўра анча қиммат деган қараш шаклланиб қолган. Солиштирадиган бўлсак, аҳолининг аксарият қисми махсус таксилардан кўра, йўловчи машиналарга мурожаат қилишини кўришимиз мумкин.

Шунга қарамай, сўнгги йилларда марказий шаҳарларда сариқ рангли автоуловларниннг сони кўпаяётганига гувоҳ бўляпмиз. Ҳозирда йўловчиларни манзилга тез ва хавфсиз етказиб қўйишни кафолатлайдиган MyTaxi, CityTaxi, Альфа такси, Яндекс-такси каби кўплаб компания ва фирмалар мижозларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Яна бир эътиборли жиҳат шундаки, уларнинг аксариятига интернет орқали буюртма бериш мумкин. IT имкониятларининг юртимиздаги транспорт тизимига ҳам жорий қилиниши ортиқча вақт ва маблағ сарфлашнинг олдини олиш билан бирга, тезкор, сифатли хизмат кўрсатиш имконини ҳам беряпти.

Йўловчиларнинг аксарияти “рўйхатдан ўтмаган” таксиларни қиммат деб ҳисобласа, баъзилари (асосан, катта ёшлилар) бу каби хизмат турларидан бехабар. Шунингдек хизматнинг барча ҳудудларда йўлга қўйилмаганлиги чекка туманларда яшовчи аҳолининг бундай қулайликлардан фойдаланиш эҳтимолини камайтиради, албатта. Бироқ бу мавжуд имкониятни қўлдан бой бериш дегани эмас.

ОНЛАЙН ТАКСИЛАРНИНГ АФЗАЛЛИКЛАРИ НИМАДА?

Эндиликда уйда, кўчада ёки иш жойингиздан туриб бир неча сония ичида таксига буюртма беришингиз мумкин. Юқорида санаб ўтилган ташкилотларнинг деярли барчасида тегишли мобил иловалар бўлиб, Google Play ёки App Store дан керакли дастурни юклаб олсангиз бўлгани. Дастурга керакли йўналишни киритиб нархлар, автомобиль тури, ҳатто кондиционер бор ёки йўқлиги каби қўшимча маълумотлар билан танишиб чиқиш ва улардан энг маъқулини танлаб олиш имкониятига эгасиз. Бундан ташқари, аввалгидек операторга турган жойингизни тушунтиришга ҳожат йўқ. Мижоз буюртма бергач, оператор экрандаги харитадан унинг турган жойини аниқ билиб олади ва буюртмани энг яқин масофадаги ҳайдовчига етказади. Тўловларни нақд пул, терминал ёки пул ўтказиш орқали амалга ошириш мумкинлиги ҳам буюртма бериш жараёнининг янада соддалашишига хизмат қилади.

Айни пайтда йўловчиларни ташиш билан шуғулланувчи такси хизматларининг сони ортганлиги улар ўртасидаги рақобатнинг қизғин тус олишига сабаб бўлмоқда. Мижозлар сонини кўпайтириш мақсадида компаниялар томонидан турли хил акциялар, имтиёзли тарифлар, қўшимча хизматлар йўлга қўйилаётгани ҳам ана шу рақобат ортидан юзага келмоқда.

Масалан, MyTaxi ўз мижозларига қулайлик яратиш мақсадида “почта” хизмати, шунингдек, тушлик етказиб берувчи MyTaxi Express ни йўлга қўйган. Бундан ташқари, алоҳида ташкилот ва фирмалар учун чегирма ва имтиёзлар бериш, чекка ҳудудларга имкон қадар тезроқ етиб бориш учун автомобиллар сонини ошириш орқали ўз мижозларини бирмунча кўпайтиришга эришмоқда. Буюртмачи 5 дақиқагача кечикиши мумкин. Кейинги ҳар бир дақиқа учун қўшимча ҳақ олинади. Мобил дастур сизга энг яқин масофада турган машинани танлаб, унинг етиб келиш вақтини ҳисоблаб боради. Тирбандликлар вақтида етиб келиш вақти 10 дақиқагача узайиши мумкин. Автомобиль турини қулайликларига кўра танлаш имконияти ҳам мавжуд.

Бошқа компанияларнинг ҳам аҳолига хизмат кўрсатишга янгича, ноодатий ёндашуви хизматдан фойдаланувчилар сонининг ортишига хизмат қиляпти. Мижозлар учун аэропорт ёки вокзалда кутиб олиш, болаларни боғча ва мактабларга олиб бориш, юкларни етказиб бериш, машиналарни белгиланган жойга ҳайдаб олиб бориш, техник хизмат кўрсатиш ва шу каби қулайликлар яратилган.

Айниқса, хорижий мамлакатларнинг маҳаллий йўловчи ташиш бозорига кириб келиши мавжуд рақобатни кучайтириш билан бирга, такси хизматида сифат ва тезкорликнинг ошишига туртки бермоқда.

CityTaxi такси хизматида ҳам мобил дастур орқали буюртма бериш мумкин. Етиб келиш вақти 5 дақиқагача бўлиб, вақтни онлайн кузатиб борилади. Шунингдек компания корпоратив ташиш хизматларини кўрсатади, чет эллик меҳмонлар билан инглиз тилида мулоқот қила оладиган диспетчерларга эга.

Жорий йилнинг 4 апрелидан юртимизда ўз фаолиятини йўлга қўйган “Яндекс такси” хизмати бунга мисол бўла олади. Ундаги “ақлли” тизим ёрдамида буюртмаларни тақсимлаш нафақат йўловчилар, балки ҳайдовчиларга ҳам қулайлик яратади. Кўп ҳолларда машиналарнинг мижозсиз қолиб кетиши, навбатдаги йўловчини излаш ёки бўш юриши ортиқча сарф-харажатга сабаб бўлади. Яндекснинг “ақлли тизими” эса машина ва йўловчиларни максимал даражада аниқлик билан тақсимлаб беради,сарфланадиган вақт ва харажатни анча камайтиради. Буюртма бериш учун хизматнинг мобил иловасини юклаб олишнинг ўзи етарли.

Яндекс таксиларига миниш ва дастлабки уч километр, кейинги ҳар бир километр учун тўланадиган тўловлар шаҳар ичида ва шаҳар ташқарисида бошқаларникига қараганда нисбатан арзонроқ. Бундан ташқари, мижоз манзилига етиб олгач Яндекс-такси мобил иловаси орқали хизматга баҳо бериши мумкин. Бу ҳайдовчи рейтингига таъсир қилади, албатта. Агар салбий баҳолар белгиланган меъёрдан ошиб кетса, тизим унинг аккаунтини блоклаб қўяди. Бордию,машинада юкингизни унутиб қолдирган бўлсангиз, хавотирга ўрин йўқ. Мобил илова ёрдамида бу ҳақда хабар берсангиз, сизга албатта ёрдам кўрсатилади.

Яндекс-такси томонидан таклиф қилинаётган хизматлар ва тарифларнинг яна бир афзал жиҳати шундаки, уларнинг нархи бошқаларникига қараганда бирмунча арзонроқ. Шунингдек, хизматнинг бугунгача бошқа давлатларда ҳам анча оммалашгани унга бўлган қизиқишнинг ортишига кўмак беряпти. Компания маълумотларига кўра, хизмат иш бошлаган куннинг дастлабки бир соати давомида 400 та буюртмани қабул қилиб олган. Биринчи иш куни давомида эса, Яндекс такси орқали машина чақиришга бир неча минг марта уринишлар бўлган ва шу куннинг ўзида хизматнинг мобил иловаси ўзбекистонликлар томонидан 17 минг марта юклаб олинган. Айни пайтда компания автопарклар сонини кўпайтириш орқали кутиш вақтини 2-3 дақиқага етказиш устида иш олиб бормоқда.

Бироқ хизматнинг нибатан арзонлиги баъзиларда шубҳа уйғотиб, улар тез орада нархлар оширилади деган фикрдалар.

Умуман олганда, онлайн-такси хизматининг йўлга қўйилиши буюртма асосида машина чақирувчилар сонининг кўпайишига катта ҳисса қўшяпти десак, тўғрироқ бўлади. Бу турдаги компания ва фирмалар сонининг ортиши мижозларга арзон, сифатли ва хавфсиз хизматдан ташқари, танлаш имкониятини ҳам тақдим этмоқда.

Шунга қарамай, аҳолининг катта қисми рўйхатдан ўтмаган “такси”ларни афзал қўради (улар йўловчиларнинг деярли 90% ини қамраб олади). Эҳтимол, кўпчиликнинг онлайн-такси хизмати билан яхши таниш эмаслиги ёки бундан умуман бехабарлиги бунинг сабабларидан биридир. Аммо доимий равишда техник кўрикдан ўтадиган, тоза ва қулай автосалонга эга бўлган машиналар хизматидан фойдаланиш, бунинг устига йўл-йўлакай бошқа мижоз олиб қимматли вақтингизни сарфламайдиган, хавфсиз ва кафолатли таксилар сониниг ортиб бораётганлиги кўпчиликни хурсанд қилаётгани шубҳасиз.

Негаки, уларда сифатли хизмат билан бирга белгиланган нархларнинг қатъий ва ўзгармаслиги ҳам кафолатланган. Яъни, ноқулай об-ҳаво шароитида (асосан, қишки мавсумларда), тунги вақтларда, вокзал ёки аэропортларда йўл ҳақининг сунъий равишда ошириб юборилишидан бехавотирсиз.

Такси хизматининг замонавий технологиялар ёрдамида янада такомиллаштирилиши, ундан фойдаланишда максимал даражадаги кулайликни тақдим этади. Бошқа соҳалар қаторида йўл-транспорт тизимига ҳам IT имкониятларининг жорий қилиниши жамиятимиздаги турмуш тарзи ва шароитининг янада тезроқ ривожланиб, замонавий тус олишида муҳим ўрин тутади. Шундай экан, аҳолининг бу каби жараёнлардан ўз вақтида бохабар бўлиши, улардан тўғри фойдаланишни ўрганиши катта аҳамиятга эга.